Депутатлар сиёсий партияларнинг ҳисоботларини эшитдилар
  • 14 Март 2015

Депутатлар сиёсий партияларнинг ҳисоботларини эшитдилар

13 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Конституциявий ваколатларга кўра, депутатлар сиёсий партияларнинг 2014 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитдилар. Мазкур масала бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ижроия қўмитаси Сиёсий кенгашининг раиси С. Турдиев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг раиси Ҳ. Кетмонов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Ижроия қўмитаси Марказий кенгашининг раиси С. Отамуродов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Ижроия қўмитаси Сиёсий кенгашининг раиси Н. Умаров маъруза билан сўзга чиқдилар.
Мажлисда сўнгги йилларда муҳим давлат масалаларини, Ўзбекистон Республикаси парламенти фаолиятига доир масалаларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири сезиларли даражада кучайганлиги таъкидланди. Сиёсий партияларни ривожлантиришнинг умумқабул қилинган демократик стандартларга ва мавжуд халқаро нормаларга тўла мос бўлган ишончли ҳуқуқий негизи барпо этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларини илгари суриш ва амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларга эга эканлигини яна бир бор намоён этди. Сайлов кампаниясининг барча босқичларида сиёсий партиялар учун тенг шарт-шароитлар яратилди.
«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга кўра, ҳар бир партия, агар парламент сайлови якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўз фракциясини шакллантириш учун зарур миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритса, ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Давлат маблағларининг ҳажми Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов натижасига кўра белгиланиб, маблағлар уларни олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида Қонунчилик палатасида қўлга киритган депутатлик ўринлари сонига мутаносиб равишда тақсимланди.
Мамлакатимизда сиёсий партияларни молиялаштириш қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги принциплари асосида қонунга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилди. Қонунга кўра, барча сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиялаштириш ҳажми ва манбалари тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида эълон қилиши шарт бўлиб, шунга асосан барча сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборотдан ўз аъзолари ва жамоатчилик фойдаланиши учун имкониятни таъминлаб бердилар.
Мажлисда Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар молиявий ҳисоботни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этганликлари ҳам қайд этиб ўтилди.
Мазкур масаланинг муҳокамаси чоғида сўзга чиққан депутатлар бўлиб ўтган парламент сайловлари ёш давлатимизнинг демократик тараққиёти, ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти бўлган сиёсий партияларнинг мустақил Ўзбекистон ҳаётидаги роли тобора ўсиб бораётганлигини таъкидладилар. Депутатлар сиёсий партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни кучайиб бораётганлиги, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифалар амалда рўёбга чиқарилиши муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлашда парламент назорати муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳам баён этдилар.
Депутатлар фикрича, сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий кадрлар ресурслари ўз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шу сабабли бу ресурсларнинг ошкоралиги ва қонунийлиги, доимо жамоатчилик назорати остида бўлиши жуда муҳимдир. Кўппартиявийлик тизими ривожланиб бораётган бир шароитда парламентда ва жамиятда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириш депутатларнинг доимий диққат-эътиборида бўлиши давр тақозоси эканлиги ҳам таъкидланди.
Депутатлар муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларнинг 2014 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларни маълумот учун қабул қилдилар.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn