Долзарб масалалар кўриб чиқилди
  • 13 Март 2015

Долзарб масалалар кўриб чиқилди

12 март куни депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг илгари тасдиқланган кун тартибидаги масалалар муҳокамасини давом эттирдилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримовнинг 2015 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги, шунингдек, 2015 йил 16 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари Дастури муҳокамасидан бошлади.

Тайёрланган Дастур лойи­ҳаси дастлабки тарзда сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи, шунингдек, парламент қуйи палатаси қўмиталарининг мажлисларида экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, тако­милига етказилган эди.

Фракциялар Дастурни тайёрлаш ва тасдиқлаш ишларида иштирок этишда унга сиёсий партиялар сайловолди дастурлари қоидалари нуқтаи назаридан устувор бўлган қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти тадбирларини киритишга алоҳида эътибор қаратдилар. Улар Қонунчилик палатасининг яқин ва ўрта муддатли фаолияти истиқболини белгилайдиган дастурий ҳужжатда ўз электорати манфаатлари, сайлов­олди ғоялари тўлиқроқ акс этишига ҳаракат қилдилар.

— Макроиқтисодий бар­қарорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш мақсадида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш тарафдори бўлган партиямиз фракцияси қонун ижодкорлиги режасига таклифлар киритди, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси
Р. Ҳакимов.
— Фракция ташаббуси билан Дастурга хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг тўлалигича эркин ривожланиши ва мус­таҳкамланишини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини, хусусий тадбиркорларнинг хом ашё ресурсларидан фойдаланиши механизмларини янада такомиллаштиришни ва бош­қа ташкилий-ҳуқуқий механизмларни назарда ­тутувчи масалалар ҳам ­киритилган бўлиб, булар ­хусусий мулкни ва мулкдорлар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини сезиларли равишда кучайтиришга ­хизмат қилади.

— Кўриб чиқилаётган Дас­турнинг барқарор миллий тараққиётни таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий бойликларни, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини сақлаш ва кўпайтириш билан боғлиқ бўлимлари партиямиз сайловолди дастури устуворликлари нуқтаи назаридан биз учун муҳим йўналишлар ҳисобланади, — деди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси А. Раҳмонов. — Фракциямиз аъзоларининг фикрича, фуқаролик жамияти институтларини, мустақил ОАВни изчил ривожлантиришга, уларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришдаги ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган чоралар кўриш зарур. Фракциямиз Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида республика Президенти томонидан баён қилинган, Дастурнинг ­ажралмас қисми ҳисобланган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш жараёнига фаол киришиб кетди. Улар орасида «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги, «Телерадиокўрсатувлар ва эшиттиришлар тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари ҳам ўрин олган.

— Партиямиз бандлик соҳасидаги сиёсатни янада такомиллаштириш,  меҳнатга ҳақ тўлашнинг муносиб даражасига эга иш ўринлари яратилган корхоналарга аҳолини ишга жойлаштиришни таъминлашни ўз фаолиятининг устувор йўналиши, деб ҳисоблашини инобатга олган ҳолда, биз чора-тадбирлар Дастурига мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун муҳим ҳисобланган йўналишлар киритилишининг тарафдори бўлдик, — деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Р. Комилов. — Масалан, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2015 йилда иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кўрсаткичларининг жорий йилнинг биринчи ярмида бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиш фрак­циямиз аъзолари ташаббуси билан ташкил этилади. Биз янги иш ўринларини яратишга имкон берадиган қонун ҳужжатларини, хусусан, «Касаначилик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳамда бошқа қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни ҳам режалаштирганмиз.

— Иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг инновацион ривожланиши тарафдори бўлган фракциямиз ҳам Дастурни ишлаб чиқиш ва унга мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган тадбирларни киритиш жараёнларида фаол қатнашди, — деди Ўзбекистон «Адолат» ­социал-демократик партияси фракция­си аъзоси А. Шодмонов. — Хусусан, биз «Қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этамиз. Қонун республикамизда қайта тикланадиган энергия манбаларининг таъсирчан инфратузилмасини яратишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Фракциямиз депутатлари қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг Ўзбекистонда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига замонавий техника ва технологияларни жорий этиш истиқболлари тўғрисидаги ахборотини эшитишни ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу ҳам электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларига хизмат қилади.

— Қабул қилинадиган Дастурда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш манфаатлари кенг акс эттирилган, — деди Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси А. Қурбонов. — Гуруҳимиз аъзолари томонидан парламент қуйи палатаси фаолияти дастурига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим қонун ҳужжатларини киритиш таклиф этилди.Хусусан, шу йилнинг ўзида «Аҳолининг санитария-эпидемиологик масалаларида осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, янги таҳрирдаги «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ва бошқа шу каби қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ­назарда тутилган.

Умуман олганда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган Дастур миллий парламентимиз фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган. Дастурда таклиф этилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, у демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Депутатлар сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда ишлашга тўғри келишини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Улар хориж ҳуқуқий амалиётини ҳар томонлама ва чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун лойиҳалари давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида муҳокама этилишини ташкил қилиш лозимлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, давлат бошқаруви органлари фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиш борасидаги муҳим давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини сифат жиҳатидан яхшилаш Қонунчилик палатасининг келгусидаги фаолиятининг муҳим йўналишига айланиши лозимлиги билдирилди. Муҳокама чоғида мамлакатимизнинг ягона қонун чиқарувчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарасини оширишга қаратилган таклифлар ҳам баён этилди.

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур Дастурни тасдиқлади.

Шундан сўнг депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Муҳокама «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошланди. Қонун лойи­ҳаси аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, реализация қилиш ва истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжат фақат сифатли йодланган ош тузи билан таъминлаш орқали аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ва уларни камайтиришни ­назарда тутади.

Мажлис кун тартибига, шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда киритилди. Хусусан, «Тадбиркорлик субъектлари ­фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонун ­лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга, уларнинг  барқарор ишлашини ­таъминлашга, қонун ҳужжатларига виждонан риоя этаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларни қисқартиришга қаратилган.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кун тартибидаги кейинги масала бўлди. Ҳужжат ­ишбилармонлик муҳитини янада ­такомиллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлик ­фаолиятини амалга ошириш чоғидаги тўсиқларни бартараф этиш, ­давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг очиқлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун шарт-шароитларни ­тубдан яхшилашни кўзда тутади. ­Тузатишлар тегишли давлат хизматларикўрсатилиши учун аризачилар тақдим этадиган рўйхатдан ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари ­чиқариб ташланишини назарда ­тутади. Тузатишлар «Оммавий ­ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларга киритилмоқда.

Депутатлар нодавлат таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама ­этдилар.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.­

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини ­маъқулладилар ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул ­қўмиталарга топширилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn