Қўмиталарда қонун лойиҳалари муҳокамаси бўлиб ўтмоқда
  • 05 Март 2015

Қўмиталарда қонун лойиҳалари муҳокамаси бўлиб ўтмоқда

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шу жумладан, профилактика тадбирларини ўтказишда санитария меъёрлари, қоидалари, гигиена нормативларига риоя қилишнинг барқарор тизимини яратиш ҳамда бу борадаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутувчи “Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Депутатларнинг фикрига кўра, қонун лойиҳаси болаларнинг таълим-тарбия, маданият, спорт ва бошқа муассасаларига қўйиладиган санитария нормалари ҳамда қоидаларига риоя этишни таъминлашни ва таълимнинг турли босқичида болаларни санитария ҳамда гигиена асосларига ўқитишга доир чора-тадбирларни жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
— Албатта, ушбу қонун лойиҳасига ҳудудимизни санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш, профилактик эмлашлар ўтказиш, дезинфекция тадбирлари, мажбурий тиббий кўриклар ва фуқароларни гигиеник тарбиялаш ҳамда ўқитишга қаратилган алоҳида янги боб киритилмоқда, — дейди қўмита аъзоси Нурия Айтжанова. — Бунинг аҳамияти шундаки, аҳолининг санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат давлат назоратини, балки фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини ҳам кучайтириш, фуқароларнинг санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлашдаги масъулиятини оширишга йўналтирилган нормаларни такомиллаштиришга долзарб масала сифатида қаралмоқда.
Йиғилиш иштирокчиларининг билдиришича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда соҳага оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинган, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Франция каби давлатлар тажрибаси ўрганилган.
Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар билдирилди.
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган йиғилишда “Болаларни уларнинг соғлиғи ва маънавий-ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Иккинчи ўқишга тайёрланаётган қонун лойиҳаси болаларни уларнинг руҳиятига зарар етказадиган, жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, оммавий ахборот манбаларида зўравонлик, ахлоқсизлик ҳамда шафқатсизликни тарғиб қилишга йўл қўймасликка қаратилган амалий-ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни назарда тутади.
— Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва амалиётга жорий этилиши ота-оналарга фарзандларини тарбия-лаш, уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, ҳар қандай ривожланган жамият ва ҳуқуқий давлатда болаларнинг жисмоний, маънавий ҳамда ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратиш, болаларнинг жамиятга қарши тажовузкор ва бошқа кўринишдаги хатти-ҳаракатларининг олдини олишга ёрдам беради, — дейди депутат Гулшана Худаярова. — Мазкур қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатнинг маънавий-маърифий ва демографик хавфсизлигини таъминлаш, бола ҳуқуқларини, оилани ҳимоя қилиш соҳасида давлат нуфузи, обрў-эътиборини янада оширишдан иборатдир.
Айтиш жоизки, қонун лойиҳасини тайёрлашда хорижий ҳуқуқий амалиёт билан қиёсий таҳлил ўтказилди.
Йиғилиш якунида қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn