Фракциялар ва депутатлар гуруҳи йиғилишлари ўтказилди
  • 20 Февраль 2015

Фракциялар ва депутатлар гуруҳи йиғилишлари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Депутатлар томонидан парламент қуйи палатаси кун тартибидан ўрин олган бир қатор масалалар, жумладан, “Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда бошқа қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш иштирокчилари партиялар дастурлари ва электорат фикрларини инобатга олган ҳолда, тегишли қўмиталарнинг мазкур ҳуқуқий ҳужжатларни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда муҳокамага киритиш бўйича билдирган таклифларини қўллаб-қувватладилар. Улар қайд этганидек, ушбу қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини янада таъминлаш, халқ турмуш сифатини яхшилашда долзарб аҳамият касб этади.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқлари ҳамда кафолатларининг қонуний ҳимоясини кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
— Конституциямизда хусусий мулкка бўлган ҳуқуқ мустаҳкамлаб қўйилган, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси У. Бўтаев. — Фракциямиз аъзоларининг фикрича, “Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хусусий мулк ҳимояси ҳамда хусусий тадбиркорлик ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун жавобгарликни ўрнатишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида корпоратив бошқарув тизими муҳимлигига тўхталиб ўтиб, “Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, акциядорлар, авваламбор, акцияларнинг миноритар эгалари ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмаяпти, улар акциядорлик жамиятлари фаолиятига таъсир кўрсатмаяпти”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қонунчиликдаги мазкур ҳамда бошқа бўшлиқларни бартараф этиш имконини беради. Хусусан, унда йирик акциядорларга, яъни 25 фоиздан ортиқ акция эгаларига дивидендлар мазкур жамиятнинг миноритар акциядорлари олдида дивидендлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслик шарти билан тўланиши, акциядорларнинг умумий мажлисида жамиятнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси тасдиқланиши, ижро органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича ҳисоботларини мунтазам эшитиб боришга оид нормаларни белгилаб қўйиш назарда тутилаяпти.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси А. Қодировнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши республикамиздаги акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни самарали шакллантириш ва фаол равнақ топтириш, жамиятнинг миноритар акциядорлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашда муҳим омил бўлади.
— Бугунги кунда йод етишмаслиги касалликлари дунёнинг кўплаб давлатлари учун долзарбдир, — деди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси М. Дадахўжаева. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг учдан бир қисмида йод танқислиги хасталиги ривожланиш хавфи кузатилмоқда. Айни пайтда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Фракциямиз аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштиришга хизмат қилади ҳамда эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, ушбу касалликлар профилактикаси даражасини кўтариш имконини беради.
Йиғилишлар якунида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари кўриб чиқилган ҳар бир масала бўйича ўз позицияларини шакллантирдилар. Улар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида илгари сурилади.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn