Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият
  • 13 Февраль 2015

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Парламент қуйи палатаси навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан кун тартибида бўлган масалалар муҳокамаси, қабул қилинган қарорлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мухбиримиз парламент эшитуви иштирокчиларининг айримларидан интервью олди.

Ш. МУҲАММАДЖОНОВ,
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент шаҳри бўйича минтақавий вакили:
— “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мазкур миллий институт ҳар йили парламентга ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Шунга мос равишда Омбудсман ўзининг навбатдаги ҳисоботига юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда рўй бераётган воқеаларни инобатга олган ҳолда пухта тайёргарлик кўрди.
Ҳисобот дастлаб тегишли тартибда сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи, шунингдек, қўмиталар йиғилишларида кенг муҳокама қилинди. Шу аснода мамлакатимизда қонун устуворлигининг конституциявий тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, бу борадаги механизмлар самарадорлигини юксалтириш бўйича долзарб масалалар ўртага ташланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Омбудсман ҳисоботини кўриб чиқиш чоғида депутатлар томонидан юртимизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор асосли мулоҳазалар ва амалий таклифлар билдирилди. Парламент қуйи палатасининг янгиланган таркиби фикрлари — бу Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг иш самарадорлигини янада ошириш борасидаги янги қарашдир. Шунга кўра, Омбудсманнинг 2015 йилга мўлжалланган фаолиятига доир устувор йўналишлари белгилаб олинди. Депутатлар томонидан, хусусан, Омбудсман билан парламент қўмиталари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида АКТ имкониятларини кенг қўллаш, минтақавий вакиллар фаолияти самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратиш таклиф этилди.

К. КАРОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳисоботини эшитиш — парламент назорат-таҳлил фаолияти йўналишларидан биридир. Қайд этиш керакки, ушбу ҳисобот йилдан-йилга ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгариб, такомиллашиб бормоқда.
Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарурлиги алоҳида таъкидланганди.
Омбудсман ҳисобот даврида аввалги йиллардагидан фарқли равишда 6 та муҳим йўналишда фаолият олиб борди. Бу эса инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мансабдор шахслар, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ўтган даврда жамият ҳаётининг барча жабҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига асосланган демократик ўзгаришлар ҳамда ислоҳотлар давом эттирилди. Зеро, юртимизда инсон ҳуқуқлари — олий қадриятдир.
Биз, депутатлар Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2014 йилдаги ҳисоботини маъқуллаган ҳолда, келгусидаги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан кўплаб тавсиялар бердик. Улар мурожаатларни умумлаштириш, таҳлил қилишни бундан-да чуқурлаштириш, шу асосда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn