Экоҳаракат: устувор вазифалар белгилаб олинди
  • 10 Февраль 2015

Экоҳаракат: устувор вазифалар белгилаб олинди

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, “Биз бундан роппа-роса ўн йил олдин таркибида депутатлар доимий равишда, профессионал асосда ишлайдиган Қонунчилик палатаси ва шунингдек, ҳудудий вакиллардан иборат қонунчилик органи бўлмиш Сенат фаолият кўрсатадиган икки палатали парламентни ташкил этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Бугун ана шу мақсадимиз тўлиқ рўёбга чиқди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Натижада қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда”.

Давлатимиз раҳбари парламент фаолиятини холис баҳолаб, ўтган даврда эришилган натижаларни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди ва бу йўлдаги аниқ йўналишларни белгилаб берди. Айни чоғда янгиланган мақсадли вазифаларни рўёбга чиқариш долзарблиги айтиб ўтилди. Замонавий талабларни инобатга олган ҳолда парламент ишини тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти, парламент назорати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, қабул қилинаётган қонунлар сифатини юксалтириш, қонун лойиҳалари, жамоатчилик орасида уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятининг кенг муҳокамасини таъминлаш, мазкур жараёнга олимлар ва мутахассисларни жалб этиш, икки палата ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, халқаро майдондаги вазиятни холис баҳолаган ҳолда, аниқ позицияни ишлаб чиқиш ана шулар жумласидандир.
Юртбошимиз томонидан жамиятимизни янада демократлаштириш бўйича илгари сурилган таклифлар Экоҳаракат ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи дастурий вазифалари билан ҳамоҳангдир. Ўзбекистон экологик ҳаракати мамлакатимизда ҳозирги ва келажак авлоднинг мусаффо атроф табиий муҳитига бўлган ҳуқуқини амалга ошириш ва унга сўзсиз риоя этиш, аҳоли саломатлиги, табиат муҳофазасини янада яхшилаш, унинг ресурсларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган ислоҳотларни чуқурлаштиришга жамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга интилмоқда. Бинобарин, у нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида ўз атрофида атроф-муҳит муҳофазаси ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган 260 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотларини жипслаштирган.
Экоҳаракатдан сайланган 15 нафар депутат фаолияти ҳам ана шу мақсадларга эришиш учун қаратилган. Зеро, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи аъзолари қуйи палатадаги барча қўмиталар таркибидан ўрин олиб, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширади. Бунда, айниқса, Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимига алоҳида эътибор берилади.
Маълумки, депутатлар гуруҳи томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун 2013 йилнинг декабрь ойида қабул қилинди. Шу асосда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга оид қонунлар ҳамда давлат дастурлари, шунингдек, экологик беқарор ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режалари,  лойиҳалари бажарилиши устидан экологик назоратни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштирокига оид ҳуқуқий пойдевор яратилди.
Биз келгусида экологик қонунчиликни янада такомиллаштиришни кўзда тутаяпмиз. Бунда, аввало, қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, қолаверса, тайёрланаётган қонунлар сифати, шунингдек, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини экспертлар, олимлар, мутахассислар ва жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилишга эътибор қаратилади. Ўз навбатида, атроф-муҳит, аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига оид қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар,  шу билан бирга, соҳадаги давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик экологик назорати механизмларини ривожлантириш каби йўналишлар қамраб олинади. Шу мақсадда парламент назоратининг депутатлик сўрови, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва экология соҳасидаги ишларнинг аҳволи бўйича ижро ҳокимияти раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш сингари шаклларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни назарда тутмоқдамиз. Экологик муаммоларга ечим топиш, экологик вазиятни соғломлаштириш ва экотизимларни сақлаш ишларида жамоатчилик иштирокини янада фаоллаштиришни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари, давлат ва соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришимиз, экология тизимидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришимиз ҳамда мустаҳкамлашимиз, аҳолининг экологияга оид билимлари ва маданияти даражасини юксалтиришимиз жуда муҳимдир.
2015 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларига, шунингдек, аҳолининг санитар-эпидемиологик хотиржамлигига оид қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни янада такомиллаштириш, экологик қонунчиликни халқаро ҳуқуқнинг муҳим нормалари билан уйғунлаштириш, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш кўзда тутилмоқда.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи қуйи палатадаги Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, бошқа тегишли қўмиталар билан биргаликда ҳамда Экоҳаракат фаоллари иштирокида мамлакатимиз барча ҳудуди, хусусан, Оролбўйи минтақасидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида 800 дан зиёд таҳлилий ҳамда амалий тадбирлар ташкил этишни режалаштираётир. Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазасига доир Ҳаракат дастури ва тегишли ҳудудий дастурлар бўйича парламент ҳамда жамоатчилик эшитувини ўтказиш, “Экологик назорат тўғрисида”ги ҳамда соҳага оид бошқа қонунлар устидан депутатлик назоратини олиб бориш, 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш Давлат дастури, Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш Дастури ва бошқа ҳужжатларнинг бажарилишини таҳлилдан ўтказиш ҳамда мониторинг қилиш ана шулар жумласидандир.
Дунёнинг илғор давлатлари билан парламентлараро алоқаларни, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, хориж мамлакатлари жамоатчилик ташкилотлари билан ўзаро мустаҳкам ҳамда манфаатли муносабатларни ўрнатиш ҳам фаолиятимиздаги устувор йўналишлардан ҳисобланади. Бинобарин, ҳудудий ва минтақавий аҳамиятга эга экологик масалалар ечимига халқаро ташкилотлар ва хорижлик ҳамкорларни жалб этиш, “Жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва Европа давлатлари тажрибаси” мавзуида халқаро конференцияни ўтказиш, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юртимизда экология ва тиббиёт жабҳасидаги ННТ, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб этган ҳолда  соҳага доир қатор тадбирлар ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Фикримизча, иқтисодиёт тармоқларини экологиянинг устувор жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда тараққий эттириш, атроф-муҳит мусаффолигини кафолатлашга хизмат қиладиган шарт-шароит яратиш, табиатдан фойдаланишни бошқариш тизимига самарали иқтисодий усулларни татбиқ этиш, экология фани нуфузини ошириш ва узлуксиз экологик таълим тизимини амалиётга жорий қилиш каби экологик хавфсизлик ҳамда мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлашда муҳим бўлган йўналишларга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Ушбу долзарб масалалар ечими нафақат давлат, балки жамият, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси куч-ғайрати, саъй-ҳаракатларини эзгу йўлда бирлаштиришда айни муддаодир.


Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Сергей САМОЙЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn