Қонун ижодкорлиги ва малакали юридик ёрдам
  • 04 Февраль 2015

Қонун ижодкорлиги ва малакали юридик ёрдам

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2014 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, вазирлик томонидан ўтган йили 93 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 18 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, 3 минг 775 та қонун ҳужжати, 297 та халқаро шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 317 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатига олинди.
Иқтисодиётимизнинг муҳим таянчига айланган тадбиркорлик субъектларининг, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатларини кафолатлаш саъй-ҳаракатлари доирасида 3 минг 700 нафардан зиёд фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш барча жабҳада қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг асосий шарти ҳисобланади. Шунга кўра, вазирлик ташаббуси билан аҳоли кенг қатлами ўртасида ҳуқуқий маърифат тарғиботига йўналтирилган 56 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Қонун ҳужжатларига оид маълумотлар миллий базасини такомиллаштириш ва уни мунтазам янгилаб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси — LexUZнинг йўлга қўйилгани ҳуқуқий тарғибот ишларини янада жонлантирди. Ўзбек ва рус тилларидаги 33 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан ҳар куни минглаб юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланаяпти.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузалари истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда дастуриламал эканини таъкидладилар. Қонун ижодкорлиги, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд-ижро ишлари, шартномавий ва халқаро ҳуқуқий муносабатлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда юридик таълим йўналишларида ҳозирги кунгача эришилган натижалар эътироф этилиб, айрим адлия органлари ва муассасалари фаолиятида кузатилаётган камчиликлар танқид қилинди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn