Фракциялар фаолиятини янада такомиллаштириш йўлида
  • 30 Январь 2015

Фракциялар фаолиятини янада такомиллаштириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси мажлиси бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёни, назорат-таҳлил фаолияти, сайловчилар билан ишлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар чуқур таҳлил асосида баён этилди. Юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажаришда, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари муҳим ўрин тутади.
Йиғилишда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш чора-тадбирларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда ЎзЛиДеП фракцияси ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун фракция фаолиятини самарали ташкил қилиш, унинг аъзолари фаоллиги ва профессионал малакасини ошириш лозимлиги қайд этилди.
Давлат органлари томонидан қонун талаблари бажарилиши, аграр соҳани янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтиришга қаратилган давлат дастурларининг жойлардаги ижроси устидан парламент назоратини янги асосда сифатли амалга ошириш, бунинг учун барча шакл ва усулларни ишга солиш мақсадга мувофиқдир. Фракция аъзоларининг ишончи комилки, мазкур амалиёт давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини Қонунчилик палатаси ялпи мажлислари, қўмиталар йиғилишларида тизимли равишда эшитиш орқали олиб борилиши керак.
Тадбирда фракция ҳамда депутатлар фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган партиялараро рақобатни сезиларли даражада кучайтиришга йўналтирилган вазифалар белгилаб олинди. Айни чоғда Президент маърузаси ва партия Сайловолди дастуридаги вазифалар асосида партия электорати — ўрта синф, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари, фермерлар манфаатларидан келиб чиқиб тайёрланган ЎзЛиДеП фракциясининг иш дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

* * *
Шу куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳам йиғилиши бўлиб ўтди.
Иштирокчилар давлатимиз раҳбарининг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, фракция фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Айтиб ўтилганидек, қонун ижодкорлиги сифатини, депутатларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги масъулиятини тубдан кучайтириш асосий вазифадир.
Фракция аъзоларининг фикрича, депутатлар аҳоли манфаатлари ва фаровонлигига хизмат қилувчи мукаммал қонунларни ишлаб чиқиш, тегишли давлат бошқарув органларига депутатлик сўрови юбориш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитишда доим ташаббускорлик кўрсатишни бош вазифаси, деб билиши зарур. Фракциялараро соғлом рақобат асосида эса партия ғоялари ва мақсадлари, электорат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш лозимлиги қайд этилди.
Депутатлар томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда кенг муҳокама қилишни амалиётга киритиш, ушбу жараёнга тегишли мутахассислар ва экспертларни жалб этиш, қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий тажрибани инобатга олган ҳолда таҳлил қилиш, шунингдек, Сенат аъзолари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарблигига урғу берилди.
Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан Президентимизнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатасининг чора-тадбирлар дастури лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқилди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn