Қонун ижодкорлигининг устувор йўналишлари
  • 30 Январь 2015

Қонун ижодкорлигининг устувор йўналишлари

Президентимиз Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида иккала палата фаолиятида моҳияти жиҳатидан муҳим ҳисобланган йўналишлар, хусусан, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Қонун лойиҳаларининг муҳокамаси чоғида уларни хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Зеро, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши дунё жамоатчилигининг, шу жумладан, нуфузли экспертлар, ҳуқуқшуносларнинг Ўзбекистонга эътиборини янада кучайтирган бир пайтда айнан халқаро тажрибани ўрганиш, ундаги биз учун мақбул жиҳатларни жамиятимиз ҳаёти билан таққослаш қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишларини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришга замин яратади.
Бунинг учун мамлакатимизда имкониятлар етарли. Уларни тўлиқ ишга солиш, шунингдек, республикамизда ушбу соҳада фаолият олиб бораётган бир қатор илмий тадқиқот институтлари, жумладан, Тошкент давлат юридик университетининг ҳуқуқий тадқиқотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун хужжатлари мониторинги институти билан ҳамкорликни кенгайтириш лозим. Шунингдек, мазкур масала миллий қонунчилигимизда, авваламбор, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида батафсил белгилаб берилган. Қонун лойиҳаларининг уч ўқишда кўриб чиқилиши ҳам қонун ижодкорлигининг муҳим хусусияти ҳисобланиб, биринчи ўқишдан сўнг берилган муддат оралиғида баҳс-мунозара, давра суҳбатлари, халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган учрашувлардаги муҳокамалардан самарали фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Бу, ўз навбатида, фракциялараро баҳс-мунозараларда соғлом рақобатнинг юзага келишига замин яратади.
Президентимиз ўз маърузасида қайд этганидек, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини хорижий амалиёт билан қиёсий таҳлил қилишга доир турли конференция, семинар ва давра суҳбатларини ўтказиш кўзланган натижага эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Айтиш жоизки, 2013 йилда давлатимиз раҳбарининг фармойиши билан Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспериментдан ўтказилди. Мазкур жараён халқаро жамоатчилик томонидан ҳам юқори баҳоланиб, ушбу амалиётни хорижий мамлакатлар парламентлари қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам кенг қўллаш мумкинлиги эътироф этилди. Қолаверса, баҳс-мунозаралар нафақат биз, депутатлар учун фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланган қонун ижодкорлигини такомиллаштиришда самарали воситага айланади, балки олимларнинг назарий қарашларини кенгайтиради, тадқиқотчиларга янги мавзуларни тақдим этади, амалиётчиларнинг келгуси фаолияти учун тажрибаларини бойитишда катта фойда беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, эндиликда биз, Қонунчилик палатаси депутатлари профессионал фаолиятимизни яна бир бор қайта кўриб чиқишимиз, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндашиб, фаоллик кўрсатишимиз лозим. Ишонамизки, янги таркибдаги парламент ўз фаолиятини Президентимиз белгилаб берган йўналишларга жиддий эътибор қаратган ҳолда амалга оширади.


Феруза ЭШМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn