Олий хўжалик суди Раёсати йиғилиши
  • 30 Январь 2015

Олий хўжалик суди Раёсати йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2014 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида юртимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, бу йўлда ғов бўлиб турган тўсиқ ҳамда чекловларни бартараф этишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда. Хўжалик судларининг ўтган йилдаги фаолияти бунга мисол бўла олади. Ушбу даврда хўжалик судларига келиб тушган 263 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалари ҳал этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, жумладан, фермер хўжаликлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 27 мингга яқин иш кўрилиб, улар фойдасига 312,4 миллиард сўмлик маблағни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинди. Айни чоғда тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида 86 мингдан зиёд хўжалик ишлари бевосита жойларда — сайёр суд мажлисларида кўрилди. Маҳаллий ҳокимият, давлат бошқаруви ва назорат идораларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган, қонунга зид 326 та ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилди.
Хўжалик судлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилаётгани тўғрисида ҳам сўз юритилди. Хусусан, ҳозирги пайтда Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни электрон усулда қабул қилиш ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарларни ишда иштирок этувчи шахсларга электрон тарзда юбориш тизими жорий этилган бўлиб, бу амалда юксак самара бермоқда. Ҳисобот даврида хўжалик судларига электрон шаклда юборилган мурожаатлар аввалги йилдагига нисбатан 20 баравар кўпайиб, 37 мингтадан ошганлиги буни тасдиқлайди. Суд муҳокамаси иштирокчиларига 52 мингдан ортиқ хабар ва суд ҳужжатлари электрон усулда юборилгани ҳам эътиборга молик.
Олий хўжалик суди расмий веб-сайтида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган “Электрон кутубхона” дастурий таъминоти ишга туширилгани мазкур йўналишдаги янгиликлардан бири бўлди.
Раёсат йиғилишида 2014 йил 1 сентябрдан бошлаб хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектлари учун катта қулайлик яратганлиги ҳам  қайд этилди. Мазкур янгилик судда иштирок этувчи шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг вақти ва маблағларини тежаб, ўз ҳудудларидан чиқмасдан туриб, бошқа ҳудуддаги суд мажлисларида қатнашиш имконини бермоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда, хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда хўжалик судларининг масъулиятини ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирокини таъминлаш, улар фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn