Устувор вазифалар белгилаб олинди
Версия для печати
  • 29 Январь 2015

Устувор вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида фракциялар фаолияти бўйича белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳар томонлама ўрганиб чиқилди.

Парламент палаталарининг давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ҳақида қўшма қарори қабул қилингани таъкидланди.
Йиғилишда парламентда сиёсий партиялар фракциялари ролини ошириш, фракциялараро рақобатни кучайтириш долзарб вазифа эканлиги қайд этилди. Партиялар ғоялари ва сиёсий дастурлари рақобати электорат ҳамда жамият манфаатини ифодаловчи самарали ва муҳим муқобил қонун лойиҳалари, ижтимоий-иқтисодий дастурлар яратилишига ёрдам бериши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалаларига катта эътибор қаратиш, парламентда ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган қонунлар реал ҳаётда самарали ишлашига эришиш даркор.
Йиғилишда ишлаб чиқилаётган ҳамда қабул қилинаётган қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви ва фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида профессионал нуқтаи назари ҳамда аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, янада кенгроқ ва амалий муҳокама қилишни таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди. Фракция аъзолари ва партия экспертлари бунда қиёсий таҳлилга, жаҳон амалиёти тажрибаси ҳамда ўз профессионаллик даражасини доимий ошириб боришга эътибор қаратиш муҳим йўналиш эканлигини таъкидлашди.
Айни чоғда давлат бошқарув органлари фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиш давлат дастурлари сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини сифатли ҳамда янги асосларда амалга ошириш кераклиги уқтирилди.
ЎзХДП фракцияси аъзоларининг ишонч билан таъкидлашича, шу ва бошқа масалаларнинг ўз вақтида, самарали ҳал қилиниши парламентнинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатиш механизмларини кучайтириб, жамиятимизда қонун устуворлигига нисбатан ҳурмат-эҳтиром туйғулари янада ошишини таъминлайди.
Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар электорат манфаатлари, партиянинг дастурий мақсад ҳамда вазифаларини ҳисобга олган ҳолда умумлаштирилди. Улар Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳига тақдим этилади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида Олий Мажлис фаолияти бугунги замон талаблари асосида батафсил таҳлил қилинди, парламент ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, депутатларнинг профессионал фаолиятини кучайтириш ва қонун ижодкорлиги сифатини оширишга доир вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, давлат бошқарувида парламентнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, унинг демократик ислоҳотларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини юксалтириш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Президентимиз томонидан жамиятимизни янада демократлаштириш бўйича баён этилган вазифалар “Адолат” СДП партияси фракцияси фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу боис йиғилишда фракция аъзолари томонидан маърузада билдирилган танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариш кераклиги, парламент фаолиятини янада яхшилаш, “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва жойлардаги партия гуруҳлари ишини такомиллаштиришга доир устувор йўналишлар асосида ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, фракция қошида ижтимоий, иқтисодий ва бошқа йўналишлар бўйича экспертлар гуруҳини ташкил қилиш, улар билан ҳамкорликда қонунларнинг мукаммал ишлаб чиқилишини таъминлаш, қонун лойиҳаларини партия электоратини жалб этган ҳолда, жойларда кенг муҳокама қилиш зарурлиги хусусида таклифлар баён этилди.
Йиғилишларда Президентимизнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатасининг чора-тадбирлар дастури лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқилди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn