Сиёсий жараёнларда янада фаол бўлишнинг вақти келди
Версия для печати
  • 29 Январь 2015

Сиёсий жараёнларда янада фаол бўлишнинг вақти келди

Президентимиз Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар биз, депутатлар учун келгуси фаолиятимизни ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маърузада парламент фаолиятида устувор ҳисобланган саккизта йўналишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари сиёсий партиялар фракциялари ҳамда депутатларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ҳақида тўхталар экан, бу борада оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифаларга ҳам урғу берди.
Қайд этиш жоизки, парламент фаолияти ОАВда ёритилиши учун етарли ҳуқуқий асослар мавжуд. Лекин қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини, парламентнинг бу борадаги фаолиятини тўлиқ очиб берадиган таҳлилий материаллар етишмаслиги ҳам бор гап. Сабаби, фракциялар, қўмиталар, депутатлар ўртасида қонун лойиҳалари юзасидан бўлаётган баҳс-мунозараларни жамоатчиликка етказишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган.
Ҳозирги вақтда телевидениеда парламент фаолиятини ёритиш, асосан, ахборот мақомига эга бўлиб, бу ҳам кундалик информацион дастурлар орқали бериб бориладиган лавҳалардангина иборатдир. Албатта, бир нечта махсус дастурлар ҳам бор. Бироқ уларнинг эфир вақти мазкур жараённи тўлақонли кўрсатиб бериш учун етарли эмас, деб ўйлаймиз. Мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда парламентнинг ролини, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада оширишда қонунларнинг аҳамияти нечоғли муҳим эканини назарда тутганда эса, таҳлилий, танқидий материаллар сифати ва сонини янада ошириш долзарб масалалардан бири экани ойдинлашади.
Қонунчилик палатасида қўмиталар, фракцияларнинг йиғилишлари очиқ ва ошкора ўтказилишини инобатга олсак, уларда бўлиб ўтадиган баҳс-мунозараларнинг, керак бўлса, тортишувларнинг жамоатчиликка телевидение орқали етказилиши, албатта, қонунчилик жараёнига мазмун киритади. Яна бир муҳим масала, яъни парламент фаолиятини ёритадиган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун амалий семинарлар ҳамда бошқа машғулотлар ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Очиғини айтганда, бизда босма нашрларда фракция ва депутатнинг фаолиятига ҳуқуқшунос, сиёсатшунос, экспертларнинг муносабати камдан-кам берилмоқда. Бундан ташқари, қонун ижодкорлигида муҳим аҳамиятга эга бўлган депутатнинг сайлов округларидаги фаолияти аксарият ҳолларда оммавий ахборот воситалари назаридан четда қолиб кетаяпти. Ваҳолонки, халқнинг хоҳиш-иродаси, муносабати айнан ана шу учрашувларда билдирилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда юртимизда 1400 га яқин оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Анъанавий ахборот воситалари қатори замонавий медиатармоқлар, хусусан, интернет-телевидение, интернет-радио, умуман олганда, интернет журналистикаси миллий ахборот майдонига кириб келди. Имкониятлар ҳам янада кенгайиб бораётир. Демак, янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг Президентимиз томонидан ўз вақтида ва жуда тўғри қўйилган юқоридаги долзарб масалага жиддий ёндашишлари замон талаби ҳамдир.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn