Юртимиз тинчлиги – барқарор тараққиётимиз омили
Версия для печати
  • 15 Январь 2015

Юртимиз тинчлиги – барқарор тараққиётимиз омили

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табриги ҳар бир юртдошимизнинг қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Юртбошимиз табригида ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армияси жанговар қобилияти ҳамда жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизмат мавқеини янада юксалтириш, Қуролли Кучларнинг малакали кадрлар билан таъминланишини яхшилаш, ҳарбий хизматчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, миллий армиямизни замонавий моддий-техник база билан тўлиқ таъминлаш ва бошқа шу каби амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Билдирилган фикрларнинг мазмун-моҳияти жуда катта аҳамиятга эга. Чунки қисқа вақт мобайнида чуқур таҳлиллар, миллий анъаналарга таяниб, илғор тажриба ҳамда замонавий ютуқларни ўрганган ҳолда, мудофаа қудратимиз мустаҳкамлангани, энг аввало, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилгандир.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини оширишда унинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий доктринаси мудофаа хусусиятига эга бўлган муҳим ҳужжатлар сирасига киради.
Бу ҳужжат Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш, давлат суверенитети ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини, одамларимизнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини ҳимоя қилишга йўналтирилгандир. Шу билан бирга, мамлакатимиз Мудофаа доктринасида армиямиз республикадан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатлар ва операцияларда иштирок этмаслиги ҳақидаги нормалар мустаҳкамланган. Бу эса, Президентимиз таъкидлаганларидек, давлатимиз ўзининг тинчликсевар сиёсатига ҳамиша содиқ бўлиб келганининг яна бир яққол тасдиғидир.
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида ҳам Юртбошимиз давлатимизнинг ташқи сиёсат стратегиясига алоҳида тўхталдилар. Яъни, Ўзбекистон турли сиёсий-ҳарбий блокларга қўшилмаслиги, ўз ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар ташкил қилишга йўл қўйилмаслигини қайд этдилар. Ушбу тамойилларнинг қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳам олдимизда турган пировард мақсадлардан бири — юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга қаратилганлигидан далолат беради.
Ўйлаймизки, мамлакатимиз мудофаа қудрати бундан кейин ҳам юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар йўлида доимо ривожланиб бораверади.

Рустам КАМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn