Мамлакат равнақи, аҳоли фаровонлиги — бош мезон
  • 14 Январь 2015

Мамлакат равнақи, аҳоли фаровонлиги — бош мезон

Аввал хабар қилинганидек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримов нутқ сўзлади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида эришилаётган ютуқ ва марралар атрофлича очиб берилган ушбу нутқ кенг жамоатчилигимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Буни сиёсий партияларнинг парламентимиз қуйи палатасидаги фракциялари аъзолари фикрларидан ҳам билиш мумкин.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
— Президентимиз Ислом Каримовнинг Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқини эшитиб, Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар замирида ётган машаққатли меҳнат, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган қатъий ва дадил сиёсатнинг моҳияти ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлдик.
Дарҳақиқат, Юртбошимиз алоҳида қайд этганидек, бугунги кунда, аввало, халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати ҳисобидан эришаётган ютуқ ва марраларимизни дўстларимиз ҳам, мухолифларимиз ҳам тан олмоқда, ислоҳотларимиз самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўли танлаб олингани, унинг қатъий амалга оширилгани бугун ўз натижасини бермоқда. Зеро, мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Истиқболда кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, юртимизни, Ватанимизни янада обод ва фаровон этишдек аниқ ва эзгу мақсадларга эришишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштириш биз, депутатлардан катта масъулият талаб қилади. Бинобарин, бугун талабчан, сиёсий фаол фуқароларимиз, замон биздан ислоҳотларга камарбаста бўлишни, сайловчиларнинг ишончини оқлашни, элу юрт ғамида фаолият юритишни олдимизга вазифа қилиб қўймоқда. Биз бу борада барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз.

Феруза ЭШМАТОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
— Юртбошимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида билдирган фикрлари бугунги кунда шаклланган парламент зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. Бинобарин, биз сайловчиларимиз ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун берилган катта ваколат ҳамда имкониятларни тўла ишга солишимиз, қўйилган вазифаларни теран англаб, фаолият юритишимиз лозим.
Мустақиллик йилларида юртимизни изчил тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш бўйича улкан ишлар, ўзгаришлар амалга оширилди.
Албатта, Президентимиз қайд этганидек, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шиддат билан, жадал суръатлар билан доимо олдинга интилади.
Шу сабабли биз, депутатлар ҳар биримиз мамлакатимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, чуқур ўйланган, қатъий позицияга эга бўлишимиз, бунинг учун эса нафақат партия дастурини, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етишимиз, балки дунёда ва ён-атрофимизда кечаётган жараёнларни, уларнинг Ўзбекистоннинг манфаатларига қандай таъсир этишини ҳар томонлама ўрганиб боришимиз, тинчлигимиз ва фаровонлигимизни таъминлаш борасида аниқ таклифлар ишлаб чиқишга қодир бўлиш учун тинмай ўз устимизда ишлашимиз, изланишимиз талаб этилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган бюджет ташкилотлари ходимлари, ижтимоий соҳа вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни ўзининг ўта муҳим вазифаси, деб билган ҳолда Ўзбекистон манфаати ва ягона халқ манфаатлари асосида фаол иш олиб боради.

Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишида давлатимиз раҳбари нутқини алоҳида диққат-эътибор билан тингладик. Мамлакатимизни янада тараққий эттириш борасида олдимизда турган масалаларни янада чуқур англаб етдик.
Президентимизнинг “биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман”, деган фикрлари ҳаммамизни тўлқинлантириб юборди.
Яна шуни эътироф этиш лозимки, айни пайтда фуқароларимизнинг дунёга, ҳаётга қараши тубдан ўзгариб, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти, фаол гражданлик позицияси ортиб бормоқда. Бунга сайлов кампанияси даврида сайловчилар билан учрашувларда бевосита гувоҳ бўлдик. Келгуси фаолиятимизда электоратимиз манфаатларини қонунчилик доирасида ифодалаш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишдек масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиш пировард мақсадимиздир. Бунинг учун бизга барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn