Германиялик мутахассислар Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти ҳақида
  • 15 Февраль 2014

Германиялик мутахассислар Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти ҳақида

Ўзбекистонни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари томонидан ҳам атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Германия бизнеси вакиллари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида мамлакатимизнинг иқтисодиёт соҳасида қўлга киритган муваффақиятлари тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

В. ОТТИНГ,
Ганновер минтақаси (Қуйи Саксония ўлкаси) Кичик ва хусусий бизнес иттифоқи раисининг ўринбосари:
— Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлиб, юртингизда ўтказилган йирик халқаро анжуманларда қатнашганман. Шу сабабли, республикангизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти жараёнларини, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жабҳаси ривожланишини катта қизиқиш билан кузатиб бораман.
Президент Ислом Каримовнинг йил якунлари бўйича маърузасида иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминлангани маълум қилинган. Янги иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилгани ҳамда кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ иш жойлари ташкил этилгани эътиборга сазовордир.
Ишончим комилки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жабҳаси тараққиёти бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига ҳамда мамлакат аҳолиси фаровонлигининг янада юксалишига кўмаклашади.

Г. БИРКЛ,
“BOS Unternehmensberatung” консалтинг компанияси директори:
— Ўзбекистонни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари юксак баҳога лойиқ. Сўнгги йиллар мобайнида республикангиз эришган муваффақиятлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўз самарадорлигини исботлаётган миллий тараққиёт моделига асосланган ҳолда изчил сиёсат олиб борилаётганининг натижасидир.
Иқтисодиётнинг янада диверсификацияланиши, шунингдек, янги сармоявий имкониятларнинг яратилиши Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn