Юксак бағрикенглик ифодаси
  • 06 Январь 2015

Юксак бағрикенглик ифодаси

Президентимиз тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2014 йил 14 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор инсонпарварлик, халқимизнинг ўзига хос бағрикенглик ва кечиримлилик фазилатларининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу ҳужжатда аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари, қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар, ногиронлар, оғир бўлмаган жиноят содир этганларни жазодан озод этиш кўзда тутилган. Айни пайтда жойларда ушбу қарор ижроси таъминланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан мазкур амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод этилди. Улар орасида Бахтиёр Тожибоев ҳам бор.
— Билиб-билмай қилган хатомни авф этгани, ҳаётда тўғри йўлга тушиб олишим учун имконият бергани
учун давлатимиз раҳбаридан ғоят миннатдорман, — дейди Б. Тожибоев. — Энди ҳалол меҳнат қилиб, эл-юртимиз фаровонлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга, фарзандларимни комил инсонлар этиб тарбиялашга астойдил ҳаракат қиламан. 
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам жазодан озод этилганларнинг жамиятга мослашиши, иш билан таъминланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


А. ОРТИҚБОЕВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn