Манзилли ижтимоий ҳимоя
  • 15 Февраль 2014

Манзилли ижтимоий ҳимоя


амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларда яққол намоён бўлмоқда

Сўнгги вақтларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолияти жонланиб, вакиллик органлари жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда муносиб таъсир кучига эга бўлиб бормоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳудудларда қонунлар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, депутатлик сўровидан фойдаланган ҳолда жойлардаги муҳим ижтимоий масалалар ечимига мутасаддиларни жалб этиш борасида аниқ манзилли ишларни амалга оширмоқда.
Очиғини айтиш керак, бугун жойларда маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар кўп. Бунинг учун ҳар бир депутат, аввало, ташаббускор, фидойи бўлиши, ўз ишига масъулият билан ёндашиши мақсадга мувофиқдир. Чунки мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида уларнинг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга. 
Одатда, фуқаролар депутатларга ариза, шикоят ёки таклиф билан мурожаат қилишади. Улар қай кўринишда бўлмасин, таг-заминида инсон манфаатларини таъминлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи турибди. Шундай экан, аҳоли мурожаатларига бефарқ муносабатда бўлиш асло мумкин эмас.
Айни пайтда вилоятимиздаги маҳаллий Кенгашларда 660 дан  зиёд депутатлар фаолият юритмоқда. Бундан кўринадики, ҳар биримиз ҳафтада лоақал бир масаланинг ечими билан қизиқсак, ташаббус билан чиқсак, бир ойда қанчадан-қанча ишларни амалга оширган бўламиз. Мисол учун, яқинда комиссиямиз аъзоларининг ўтган йиллардаги фаолиятини жиддий таҳлил қилдик. Қилинган ишлар ҳам, бой берилган имкониятлар ҳам ойдинлашди. Шу тариқа 2014 йил учун ҳар бир комиссия аъзосининг ҳаракат режаси аниқлаб олинди.
Ҳар ойда ўтказиладиган йиғилишларимизда муҳокама этилган муҳим масалаларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига мунтазам олиб чиқаяпмиз. Натижада кейинги пайтларда деярли ҳар бир сессия ишида комиссиямиз томонидан илгари сурилган таклифлар тингланиб, улар қарор асосида ижрога йўналтирилмоқда. Масалан, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг маънавий баркамоллигини янада ўстиришда зиё ва маърифат масканлари, айтайлик, жойлардаги китоб дўконларининг ўрни катта. Вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидаги мавжуд китоб дўконларининг аҳволини ўрганганимизда, очиғи, аҳвол яхши эмаслиги кўзга ташланди. Бундан ташқари, ҳудудимизда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, аҳолига пластик карточкалар орқали пуллик хизмат кўрсатиш юзасидан мониторинг ўтказганимизда, бу борада ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигига дуч келдик. Ушбу кузатишлар таҳлилларини, тўплаган материалларимизни навбатдаги сессияларда алоҳида муҳокамага киритдик. Ўз навбатида, вилоят Кенгаши таклиф ва хулосаларимизни ўз қарори билан қўллаб-қувватлади. Натижада қисқа фурсатда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида янгидан замонавий китоб дўконлари ташкил қилинди. Бу жараён изчил давом этмоқда. Бундай ижобий натижалар туризмни ривожлантириш, ҳудуддаги маданий мерос объектларини асраб-авайлаш,  жойларда замонавий маданият ва истироҳат боғлари ташкил этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, пластик карточкалар орқали савдо қилиш тизимини янада эркинлаштириш каби масалалар ечимида ҳам кўзга ташланаётир.
Доимий комиссиямиз аъзолари жойларда аҳоли билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Бунда, албатта, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик изчил йўлга қўйилган. Хусусан, маънавият тарғибот бўлимлари, ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, сиёсий партиялар билан қилинаётган ижтимоий шериклик, айниқса, самарали бўлмоқда.
Яқинда ана шундай тадбирлардан бири вилоят педагогика коллежида бўлиб ўтди.  “Коллежга бағишланган бир кун” номли ноанъанавий тадбирда кун давомида ўқувчи-ёшлар ҳаёти, орзулари, муаммолари ўрганилди, очиқ дарслар, маданий-маърифий кеча, спорт мусобақалари ташкил этилди. Ўқувчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар ёзиб олинди. Мулоқот жараёнида коллеж иситиш тизимида айрим муаммолар борлиги ҳам маълум бўлди. Тегишли мутасаддилар кўмаги билан ҳозир ушбу камчилик бартараф этилди. Шу билан бирга, вилоятнинг чекка, олис ва тоғли туманларидаги ўнлаб таълим муассасаларида ўтказилган тадбирлар ҳам ана шундай самарали ва фойдали кечаётганини айтиб ўтиш лозим.
Умуман, ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурлари бажарилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, таълим, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларида комиссиямиз ташаббускорлиги анча сезилаяпти. Бу, албатта, депутатларимиз фидойилик ва ташаббускорликни ўз иш фаолиятларининг бош мезонига айлантириб, сайловчи олдидаги масъулиятни теран ҳис этаётганликларининг амалий ифодасидир.

Зарифа ЭРАЛИЕВА,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn