«Ўзбекистон изчил ва барқарор ривожланаётган замонавий мустақил давлатдир»
  • 14 Февраль 2014

«Ўзбекистон изчил ва барқарор ривожланаётган замонавий мустақил давлатдир»

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси юзасидан Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ҳам ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Жумладан, мазкур мамлакатда чоп этиладиган “Право выбора” газетасида “Ўзбекистон: юқори ва барқарор ўсиш суръатларини, модернизация ва диверсификациялашни таъминлаш йўли” сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши мавзуига бағишланган ушбу мақолада кейинги йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси ўсишнинг юқори суръатларини қўлга киритаётгани иқтисодиётнинг барқарор ва изчил тараққиётидан, аҳоли фаровонлиги ҳамда даромадлари юксалганидан далолат бериши алоҳида таъкидланади.
“Тарихан қисқа давр мобайнида Ўзбекистон изчил ва барқарор суръатларда ривожланиб бораётган замонавий мустақил давлатга айланди, — деб ёзилади нашрда. — Дунёда рўй берган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари ҳамон ўз таъсирини кўрсатиб турган бир шароитда сўнгги 7 йил давомида мамлакатда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши барқарор равишда 8 фоиздан зиёдни ташкил қилмоқда. Давлат томонидан танланган ислоҳотлар стратегияси, яъни жаҳонда ривожланишнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилган тараққиёт йўли бундай кўрсаткичларга эришишга асос бўлаётир”.
Мақолада қайд этилганидек, “Кенг қамровли ўзгаришларнинг қўлга киритилишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг салмоғи катта бўлгани баробарида, мамлакатда фаолият кўрсатадиган банкларнинг ресурс базаси кенгайиб, мустаҳкамланаяпти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати яхшиланмоқда”.
Нашр ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда 2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури ижросининг якунлари билан таништирар экан, унинг доирасида мамлакатда 13 миллиард АҚШ доллари қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилгани ва бу 2012 йилдагига нисбатан 11,3 фоиз кўп эканлигини ёзади. “Ўзлаштирилган капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг деярли ярмини, яъни 47 фоизини хусусий инвестициялар — корхоналар ва аҳолининг шахсий маблағлари ташкил этгани алоҳида эътиборга лойиқдир”.
Республикамизда ижтимоий соҳани ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталар экан, нашр қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш, қишлоқда инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан қишлоқ аҳлининг ҳаётини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлайди. “Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган пухта ўйланган, вазмин иқтисодий сиёсат изчил ўзгаришлар ва барқарор ривожланишнинг кафолати бўлиб қолди”, деб фикр билдиради газета.

«Жаҳон» АА.
Боку

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn