Ўзбекистон мавзуси «Euro-Asia» журнали саҳифаларида
  • 25 Декабрь 2014

Ўзбекистон мавзуси «Euro-Asia» журнали саҳифаларида

Германияда йилнинг ҳар чорагида нашр қилинадиган “Euro-Asia” журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистон — Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик мавзуларига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди.

Хусусан, “Берлинда ўзбек дастурхони” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон делегациясининг Германия пойтахтида бўлиб ўтган “Яшил ҳафталик” ихтисослаштирилган халқаро қишлоқ хўжалиги ярмаркасидаги иштироки ҳақида сўз юритилади.
Унда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларининг мазкур халқаро анжуманида мамлакатимиз вакиллари муваффақиятли қатнашгани, ярмарка якунлари бўйича 30 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдорда сархил ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича шартнома ҳамда битимлар имзолангани немис муштарийлари эътиборига ҳавола қилинган.
“Бу Ўзбекистондек қуёшли ўлкада етиштирилган сабзавот ва мевалар жуда мазали эканидан далолат беради. Немис истеъмолчилари Германия супермаркетларида мазкур мамлакатнинг турфа ноз-неъматларни кўриб, хурсанд бўлишади. Дарвоқе, миллий ошхона ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳар қандай мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам самарали реклама ҳисобланади”, дея ёзилади нашрда. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ҳамда озиқ-овқат рационида муҳим ўрин тутувчи турли биомоддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли равишда юқори туради.
“Шарқ саёҳати” сарлавҳали мақола эса Ўзбекистон ҳамда Германиянинг сайёҳлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигига бағишланган. Унда Ўзбекистон кўп асрлардан буён маданий, илмий ва маънавий бойликлари билан Шарқ ҳамда ўарб ўртасида кўприк бўлиб келаётгани қайд этилади.
Ўзбек халқининг бой маънавий меросига эътибор қаратар экан, мақола муаллифлари буюк олим ва мутафаккирлар ал-Хоразмий, Ибн Сино, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек ҳамда бошқа алломаларимиз жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшишганини алоҳида таъкидлайди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда сайёҳлик соҳаси тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса Европа, Осиё ва Америкадан мамлакатга келаётган сайёҳлар оқимининг ошишига кўмаклашаяпти. Ўзбекистондаги сайёҳлик компаниялари Германияда ҳар йили ўтказиладиган “ITB Berlin” сингари турли халқаро сайёҳлик ярмаркаларида фаол қатнашиб келаётгани ҳам мазкур соҳанинг янада ривожланишида муҳим омил бўлаётир”, дея ёзилади журналда.


«Жаҳон» АА.
Берлин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn