Берлиндаги анжуман Конституциямизнинг 22 йиллигига бағишланди
  • 18 Декабрь 2014

Берлиндаги анжуман Конституциямизнинг 22 йиллигига бағишланди

Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги ва шу йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Берлин шаҳридаги 7-сайлов участкасида овоз берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Германия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар қатнашди.
Тадбир иштирокчилари Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси асосий моҳияти билан таништирилар экан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилингани қайд этилди.
Брифингда парламент сайловларига тайёргарликнинг бориши, сайлов қонунчилигига киритилган ва сайлаш эркинлиги ҳамда ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий тамойилни амалга оширишга йўналтирилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар, сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, сайловчилар ҳуқуқлари ва уларнинг жорий йил 21 декабрь куни овоз бериши тартиби билан боғлиқ маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири анжуман якунида айрим юртдошларимизнинг брифингдан олган таассуротлари билан қизиқди.

Толмасбек БОЛТАЕВ,
Гумболдт номидаги Берлин университети докторанти:
— Ҳозирги пайтда мен Германиянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга оид диссертация устида иш олиб бораяпман.
Бугун мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатия ваколатхонасида уюштирилган тадбир биз учун муҳим аҳамият касб этди. Негаки, унда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир долзарб воқеалар хусусида батафсил маълумотга эга бўлдик.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси билан танишар эканмиз, қалбимизда фахру ифтихор ҳиссини туйдик. Маърузада мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган кенг кўламли муваффақиятлар, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги эътиборга молик ҳамда салмоқли натижалар аниқ-равшан рақам ва далиллар воситасида ўз ифодасини топган.
Бўлажак сайловларда фаол қатнашиш орқали Ватанимизнинг янада равнақ топишига ўзимизнинг камтарона ҳиссамизни қўшишни истаймиз.

Ҳайдар РИЗАЕВ,
Гумболдт номидаги Берлин университетининг Шарқшунослик факультети талабаси:
— Биз, Германияда таҳсил олаётган талабалар ҳар йили мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатия ваколатхонасида миллий байрамларимиз муносабати билан уюштириладиган турли тадбирларда мунтазам иштирок этиб келамиз.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда бўлажак парламент сайловларига тайёргарлик мавзуларини қамраб олган бугунги анжуман ҳам юртдошларимиз қалбида ватанпарварлик ва бирдамлик туйғулари мустаҳкам эканлигини кўрсатди.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn