Брюсселда бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланди
  • 16 Декабрь 2014

Брюсселда бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланди

Яқинда мамлакатимизнинг Бельгиядаги дипломатия ваколатхонасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Европа парламенти депутатлари, Европа Иттифоқи институтлари, Бельгиянинг ижтимоий-сиёсий, эксперт ва ишбилармон доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси аъзолари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йиллари давомида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида эришилган муваффақиятларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлгани алоҳида қайд этилди. Асосий Қонунимиз бозор иқтисодиётига йўналтирилган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди.
Брифингда алоҳида таъкидланганидек, Конституция — бу мустаҳкам заминдирки, ўзбек халқи унга таянган ҳолда бозор иқтисодиётига асосланган янги адолатли жамиятни, суверен демократик ва дунёвий давлатни барпо этмоқда. Ўзбекистон бугунги кунда бутун дунёда “ўзбек модели” деб ном олган жамиятни тубдан ислоҳ этиш, эркинлаштириш, демократик янги давлат қуриш, уни модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган тараққиёт йўлини танлаб олди. 
Тадбир қатнашчилари давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ҳамда аҳамияти сезиларли даражада кучайгани, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда мамлакат олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайгани билан боғлиқ маълумотлар билан ҳам атрофлича танишдилар. Қайд этилганидек, сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда.
Шунингдек, сайлов қонунчилигига киритилган, сайлаш эркинлиги ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий тамойилни амалга оширишга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди. Мазкур тузатишлар шу йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловни Конституция ва сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократик қонунчилик тамойилларига тўла мос тарзда ўтказиш имконини бериши таъкидланди.
Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг чиқишлари тадбирнинг европалик иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Буни уларнинг брифинг натижалари юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ҳам яққол тасдиқлайди.
Хусусан, “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида Европа парламенти депутати Фулвио Мартусиелло (Италия) Ўзбекистонда мамлакатни янада демократлаштириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини  қайд этди. 
— Мен Ўзбекистоннинг муваффақиятли тараққиётини диққат билан кузатиб келаман, — деди у. — Мамлакатингиз ўз келажагини ўз модели асосида қурмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, республикада аҳолининг катта қисмини ташкил қиладиган ёш авлод вакиллари баркамол вояга етишлари учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
Ўзбекистонда таълим соҳасида кенг қамровли ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилгани изчил тараққиёт йўлида давлат томонидан мутлақо оқилона сиёсат юритилаётгандан далолат беради. Маълумки, ҳар қандай мамлакат тараққиёти малакали миллий кадрларнинг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Европарламент депутати Конституциянинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталар экан, Асосий Қонун мамлакатда демократия асосларини ҳимоя қилишини қайд этди. Унинг фикрича, ана шундай конституцияни қабул қилган ва унинг асосида яшаётган Ўзбекистон дунёнинг тараққий топган демократик давлатлари орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn