Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият
  • 12 Декабрь 2014

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш — қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг муҳим йўналиши” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда парламент аъзолари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, олий ўқув юртлари, ННТ вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда мамлакатимизда аккредитация қилинган дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, Асосий Қонунимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратиб берди. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ўз ифодасини топган. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда ушбу конституциявий талаблар асосида инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига мос миллий ҳуқуқий тизим шакллантирилди. Инсон манфаатлари ислоҳотлар стратегияси асоси сифатида белгиланиб, шу йўналишда кўплаб ишлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий институтлар фаолияти изчил йўлга қўйилгани, соҳада узлуксиз таълим ва маърифий ишлар олиб борилаётгани, ҳуқуқий мавзуда йигирмадан зиёд ихтисослаштирилган журнал ва газеталар чоп этилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди. Эътиборлиси, замонавий ахборот-ресурс марказлари ушбу йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда.
Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази фаолияти бунга яққол мисолдир. Замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган марказ компьютерлар базасида миллий қонунчилик асослари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро ҳужжатлар тўлиқ тўпланган.
Ички ишлар идоралари ходимларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ билим ва малакасини ошириш, шу мавзуда семинар-тренинглар ўтказиш, ҳужжатлар ва адабиётлар чоп этиш ҳамда давлат идоралари, судлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлик механизми самарадорлигини кучайтиришга ҳам жиддий эътибор қаратиб келинаётганлиги анжуман иштирокчилари, хусусан, хорижлик экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Ички ишлар вазирлиги тизимида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг ушбу йўналишдаги фаолияти, айниқса, диққатга сазовор.
Анжуманда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Конституция ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ва прокуратура органлари роли, бу борада фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, ЕХҲТнинг шу соҳадаги тажрибаси ва бошқа долзарб мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат тизимини бугунги кун талаби даражасида такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn