Демократик янгиланишлар, изчил ислоҳотлар
  • 11 Декабрь 2014

Демократик янгиланишлар, изчил ислоҳотлар

аҳоли турмуш даражасида яққол намоён бўлмоқда

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини кўтаринки руҳ ва чексиз фахру ифтихор билан тингладик. Ушбу байрам юртимизда шу кунларда давом этаётган сайловолди ташвиқоти ва шу аснода Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари пайтига тўғри келгани унинг долзарблиги ҳамда шукуҳини янада оширди.
Электорат билан мулоқот қилар эканмиз, ҳар сафар отахону онахонларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимизнинг мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар тўғрисидаги илиқ сўзларини эшитишга муяссар бўламиз.  Бугун ёшу кекса юртдошларимиз фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол иштирок этиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги мустақил демократик давлатни барпо қилиш учун танланган йўлни бир овоздан қўллаб-қувватламоқдалар. Чунки давлатимиз, жамиятимизнинг асосий мақсади — инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ҳамда барча фуқароларнинг тенглигини таъминлашга қаратилгандир.
Конституциямизда ўз ифодасини топган қоидалар жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва эркинлаштириш, мамлакатни модернизациялашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик пойдеворини яратишга хизмат қилаётганини барчамиз кўриб, билиб, ҳис этмоқдамиз. Бундай ютуқлар замирида давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинган ва бугунги кунга келиб дунё тан олган тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойиллари мужассамдир.
Шуларга уйғун тарзда, Асосий Қонунимизга киритилган охирги тузатишларга биноан, сайлов тизими янада чуқур ва демократик такомиллаштирилди. Бу, жумладан, Марказий сайлов комиссиясини демократия мезонларига муштарак тарзда шакллантиришга йўналтирилгани билан ниҳоятда муҳимдир. Шундай экан, 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов Конституциямизда Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари кўрсатиб ўтилган, унинг мустақиллиги кафолатлари янада кучайтирилган тартиб-таомилларга биноан ўтказилишига шубҳа йўқ. Қонун устуворлиги фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқи ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглигини янада кенг таъминлайди. Бу умумэътироф этилган халқаро демократик ҳуқуқий меъёрлар талабларига тўлиқ ҳамоҳангдир.
Айни чоғда сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, ватандошларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалган, уларнинг ахборот олиш ва тарқатиш борасидаги ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш янада кенгайган шароитда ўтаётган сайлов кампанияси мамлакатимизда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг яққол далолатидир.
Бинобарин, ҳамюртларимизнинг онги, тафаккури, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, эътиқоди, мамлакатимиздаги янгиланишлар, фарзандларимиз келажагига муносабати, дахлдорлик ҳисси тубдан ўзгарганига барчамиз шоҳид бўлаяпмиз. Давлатимиз раҳбари эски тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга қарайдиган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган бугунги ёш авлодимиз биз амалга ошираётган тарбиявий ишларимизнинг маҳсули эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас. 
XXI асрда кузатилаётган геосиёсий қарама-қаршиликлар, ақидапарастлик, терроризм ва экстремизмнинг кучайиши билан боғлиқ кескинлик ҳамда хавф-хатарларнинг ўсиб бораётганига қарамай, бизнинг ёшлар ҳаётга  прогрессив қарайди, деб ишонч билан айтиш мумкин. Улар интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ва кескинлиги тобора ортиб бораётган глобаллашув ва ахборот технологиялари ривожланган шароитларда мамлакатимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммаларига олишга қодирдирлар. Ёш авлодимиз биз танлаган замонавий, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлаб бериш, халқаро ҳамжамиятда юқори нуфузга эга бўлиш йўлидан боришга тайёр ва содиқ эканлигини кўрсатмоқда.
Бугун кенг жамоатчилик юртимиз мустақиллигининг ўтган қисқа даврида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш тарзи ўсиш даражасида ўз инъикосини топган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари мазмун-моҳиятини теран англаб, уларни қўллаб-қувватламоқда. Учрашувлар чоғида ёши каттаю кичиклар Конституциямизда парламент ва жамоатчилик назоратининг ҳокимиятни демократик модернизация қилишда фуқароларнинг фаол иштироки учун муҳим омил сифатида белгилаб қўйилиши катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этмоқдалар. Халқимизни узоқ йиллар исканжасида ушлаб турган кечаги тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик тизимини эслар экан, унинг барча оғирликларини бошидан ўтказган ёши улуғларимиз эркин бозор иқтисодиётини изчил ривожлантириш, фуқаролик жамиятини кучайтириш асосида янги демократик давлат барпо этиш йўлида қилинаётган ўзгаришларга катта умид билан қарашмоқда.
Аслида кексаларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўғил-қизлар томонидан уларга кўрсатиладиган доимий ғамхўрлик таг-заминида халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кўп асрлик қадриятлари, юксак маънавияти, бой тарихий мероси, эзгу анъаналари ифодасини топган.   
Мамлакатимизда 2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши ёши улуғларга бўлган эҳтирому эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир. Қолаверса, бу юртимизда муваффақиятли демократик ислоҳотларни амалга ошириш асоси ҳисобланган тинчлик ва хотиржамликка бебаҳо ҳисса қўшган ота-оналаримиз олдидаги бурчимизни бажариш учун янада кенг имконият яратади. Жорий йилда демократик сайловларнинг ўтказилиши эса халқимиз танлаган йўлида давом этиши учун яна бир дадил қадамга айланиши, шубҳасиз!

Дилором ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn