Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида
  • 02 Декабрь 2014

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида

Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг шу йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенатининг аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят судлари, адлия, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, солиқ ва божхона қўмиталари, прокуратура ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари, шунингдек, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, амнистия актини қўллаш жараёнида очиқ-ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, амалиётда хатоликларга йўл қўймаслик, шунингдек, ходимларнинг масъулияти ва малакасини ошириш мақсадида ташкил қилинди.
Йиғилишда амнистия акти ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш, мазкур жараёнда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Амнистия тўғрисидаги қарорнинг тўла ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда унинг ижросига масъул бўлган идоралар ходимлари билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ташкиллаштириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш натижасига кўра, мутасадди идоралар томонидан амнистия акти ижросини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари томонидан эса бу жараённи кенг ёритиш борасидаги ишларни ўз вақтида, самарали ва уюшқоқлик билан олиб бориш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Бош прокуратура
матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn