Ҳукуматлараро комиссия мажлиси
  • 27 Ноябрь 2014

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, божхона, нефть-газ, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фан-таълим, авиаташув каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган вазирлик ҳамда идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Р. Азимов мамлакатларимиз ўртаси-
даги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, иқтисодий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил апрель ойида Россия Федерациясига расмий ташрифи ҳамда жорий йилнинг сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтирди, ўзаро муносабатларни янги мазмун билан бойитди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида имзоланган қарийб 200 давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил этади. Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги асосий ҳужжатлар бўлиб, уларда савдо, иқтисодиёт, сиёсат ва маданият каби соҳаларда икки томонлама алоқаларни тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари қамраб олинган.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий муносабатлар деярли барча йўналишларда, жумладан, авиасозлик, машинасозлик, транспорт ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, озиқ-овқат, ёғочни қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика ва электр техникаси каби соҳаларда изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий соҳада имзоланган инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилишга оид битим, 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури ва бошқа қатор ҳужжатлар бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилаётир. Мунтазам равишда бизнес-форумлар, кўргазмалар, ҳукуматлараро комиссия мажлислари ташкил этилаяпти.
Россия Ўзбекистон билан ташқи савдо муносабатларида етакчи ўринда туради. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик юксак самаралар бермоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳам жадал суръатлар билан ўсмоқда. 2014 йилнинг январь — сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич қарийб 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Айни пайтда инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам мунтазам кенгаймоқда. Россиялик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираяпти, мамлакатимизга инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этаётир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокида тузилган 878 корхона фаолият кўрсатмоқда, Россиянинг 85 фирма ва компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган. Россияда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 512 корхона фаолият юритмоқда.
Ҳукуматлараро комиссия мажлисида ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик туфайли Ўзбекистон юксак иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани, бу омиллар хорижий сармоядорларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорликка қизиқишини тобора ошираётгани алоҳида таъкидланди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Россиянинг иқтисодий салоҳияти ҳамда имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 
— Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил тараққий этмоқда, — деди Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Д. Козак. — Ўзаро савдо айланмаси ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Мамлакатларимиз ишбилармонларининг ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга экани диққатга сазовор. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида ёқилғи-энергетика, қурилиш ва кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик тобора фаоллашмоқда, бу тармоқларда икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мажлисда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо, сармоя, банк-молия, нефть-газ, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма корхоналарни, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn