Фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари
  • 19 Ноябрь 2014

Фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари

устуворлигига қаратилган ислоҳотлар изчиллиги таъминланмоқда

“Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”.
                                                                                                                                     (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасидан).

Маълумки, барча соҳаларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишдек улуғвор мақсад мужассам. Зеро, ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳам шу — инсон ҳуқуқлари олий қадрият даражасида эътироф этилиб, ҳар бир шахс қонун ҳимоясида бўлмоғи лозим.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Бугунги кунга қадар фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқларини муҳофаза этиш бўйича юздан ортиқ қонунлар қабул қилинди, республикамиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилди. Бундан ташқари, парламентимиз томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари муҳофазасига оид 6 та асосий халқаро ҳужжати ратификация қилинди.
Ҳар бир шахснинг ўзи ёки жамоа билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ва халқ вакилларига мурожаат этиш ҳуқуқи Асосий Қонунимизда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари қаторига киритилган бўлса-да, ўз моҳиятига кўра у шахсий, иқтисодий ва ижтимоий хусусият ҳам касб этади. Фуқаро давлат органига ариза билан мурожаат этганида хоҳиш-истаги, эрк ва иродасини ифодалаш, таклиф билан мурожаат қилганида давлат ва жамият ҳаётида фаоллик кўрсатиш, шикоят мазмунидаги мурожаатида эса бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имконияти мавжуд бўлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари қаторида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, вазирлик томонидан “Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. “Ишонч телефони” орқали фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш амалиёти ўзини ҳар жиҳатдан оқлаётир. Вазирликнинг www.minjust.uz расмий веб-сайти орқали ҳам  фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинмоқда.
Жорий йилнинг уч чораги давомида адлия идораларига фуқаролардан инсон ҳуқуқларига оид 6 минг 46 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 410 тасини ариза, 4 минг 627 тасини шикоят ташкил этади. Вазирлик “Ишонч телефони” ҳамда “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” орқали эса мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилинган. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг 6,6 фоизи коммунал тўловларга оид, 4 фоизи таълимга доир, 16,5 фоизи ижтимоий ҳимояга доир қонун ҳужжатлари юзасидан, 4,1 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, 2,8 фоизи банк фаолиятига оид бўлиб, уй-жой, меҳнат шартномалари билан боғлиқ низолар, суд қарорларидан норозилик мазмунидаги ариза ва шикоятлар ҳам мавжуд. Ушбу мурожаатлар изчиллик билан ўрганилиб, белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли идораларга 616 та тақдимнома киритилиб, деярли барчасининг ижроси тўлиқ таъминланди. Тақдимномалар натижасида 68 та ҳужжат ижроси тўхтатилган ва бекор қилинган, 776 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳуқуқий баҳо бериш учун киритилган 24 таклиф асосида ўн нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ўз ҳуқуқлари ва уларни амалиётда қўллаш маданиятидан хабардор фуқаро тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаат этиб, хоҳиш-иродаси ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Шу маънода, вазирлик ва унинг қуйи бўғинлари аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботга алоҳида эътибор қаратаётгани айни муддаодир. Жорий йилда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида жойларда ўтказилган тадбирларда 516 мингдан зиёд аҳолининг турли қатлам вакиллари иштирок этди. Вазирлик томонидан мунтазам равишда миллий институтлар, нодавлат ташкилотлар ва жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар, учрашувлар уюштирилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, фуқаролар мурожаатларининг ваколатли давлат органлари томонидан ўз вақтида ва холисона ўрганилиши ҳамда улар юзасидан қонуний чора кўрилиши инсон ҳуқуқлари устуворлигини, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий норманинг кафолатини таъминлайди. Зеро, фуқаролар мурожаатлари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг  жойлардаги ижросини баҳолашда муҳим мезонлардан биридир.


Лазизжон МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn