Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш — давр талаби
  • 11 Ноябрь 2014

Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш — давр талаби

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифалар асосида бозор ислоҳотларининг бугунги суръатларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Мухбиримиз мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Александр ФАРМАНОВ билан суҳбатлашди.
— Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида сармоясиз тараққиёт йўқлигини, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган эди. Барқарор иқтисодий ўсиш, чет эл ва ички инвестициялар ҳажмининг кўпайиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигининг, шунингдек, қулай бизнес муҳити ва жозибадор инвестиция иқлими яратилгани ҳамда инвесторлар учун ишончли кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилганининг яққол далилидир.
Инвестиция фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари шакллантирилгани мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичларга кўтариш имконини бермоқда. Кейинги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизлик барқарор ўсиш суръатлари таъминлаб келинаётир. Биргина 2013 йилда мамлакат иқтисодиётига инвестиция киритиш ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23 фоиздан иборат бўлди.
Тараққиётнинг бугунги босқичида инвестиция фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қонунчиликни янада такомиллаштириш айни заруратдир.
— Янги ҳуқуқий ҳужжатни парламент юқори палатаси ялпи мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш жараёни ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган. Қонун халқаро тажриба, сиёсий партиялар фракциялари, ушбу соҳадаги мутахассислар фикрлари чуқур ўрганилганидан сўнг қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Янги таҳрирдаги Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун қўмитамиз томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Молия вазирликлари вакиллари ҳамда ҳуқуқшунос-олимлардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Қўмита томонидан бир қатор, шу жумладан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида инвестиция фаолияти ролини ўрганишга бағишланган тадбирлар ташкил қилинди.
— Ҳуқуқий ҳужжатда қандай янгиликлар ўз аксини топмоқда?
— Қонун хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг инвестиция жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, инвестициялар киритиш учун қўшимча рағбатлар ва шароитлар яратишга, шунингдек, инвесторларнинг ҳуқуқ ва мулкларини ҳимоя қилиш усулларини кенгайтиришга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Қонунда инвестиция фаолиятини амалга оширишда қўлланиладиган асосий тушунчалар рўйхати акс этмоқда. “Инвестиция лойиҳаси”, “инвестиция мажбурияти” ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Молиялаштириш манбалари батафсил очиб берилаяпти, инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилган, уни рағбатлантириш механизмлари белгиланган ҳамда марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган инвестицияларни бошқариш ҳамда уларни амалга ошириш тартибга солинмоқда.
Қонуннинг янги таҳририда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида ушбу жараённинг барча босқичлари — лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан тортиб, тегишли ишлар ҳамда хизматларнинг кўзланган ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараён батафсил кўрсатиб ўтилмоқда.
Янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу давлат томонидан қулай сармоявий муҳит яратиш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ, божхона ва бошқа имтиёз ҳамда преференциялар тақдим этиш, эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиш ва бошқалар орқали амалга оширилади.
Умуман, янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун инвесторларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини изчил шакллантириш, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқлари инвестициявий жазибадорлигини оширишга хизмат қилиб, пировардида республикамизга инвестициялар оқимини кенгайтиришнинг муҳим омилига айланади.

Қ. ХИДИРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn