Хитой делегацияси учрашувлари
  • 11 Ноябрь 2014

Хитой делегацияси учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 10 ноябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари, миллатлар ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Ван Чжэнвэй раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д. Тошмуҳамедова мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганини, бунда давлатларимиз раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил август ойида Хитойга, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон — Хитой муносабатлари Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация ҳамда бошқа кўплаб икки томонлама муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланиб бораётир. Мамлакатларимиз парламентлари ҳам ўзаро фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, турли даражадаги делегацияларнинг ташрифлари мунтазам амалга оширилмоқда, самарали учрашувлар ўтказилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
— Ўзбекистон иқтисодиёти жадал тараққий этмоқда, — деди Ван Чжэнвэй. — Мамлакатингизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради. Дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тарафдоримиз.
Хитой делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият марказида ҳам музокара ўтказди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn