Депутатлар қонунларга тузатишлар киритмоқдалар
  • 07 Ноябрь 2014

Депутатлар қонунларга тузатишлар киритмоқдалар

6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар амалдаги қонун ҳужжатларига жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 
Мажлис “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошланди. Ушбу қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларининг атамалари ва ҳуқуқий нормаларини бир хилда қўллаш ҳамда тегишли органлар томонидан улар турлича талқин қилинишининг, мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилди. Тузатишлар “Метрология тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларга киритилмоқда. 
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳасида, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилларининг мураккаблашувини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбуриятлар ва жавобгарликлар юкланишини назарда тутувчи қонун ҳужжатлари, улар расман эълон қилинганидан камида уч ой ўтгач кучга кириш муддати белгилаб қўйилмоқда. Давлат органлари тадбиркорлик фаолияти субъектларига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи қонун ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.
Ахборотнинг очиқлиги қонун ҳужжатларини ва тегишли материалларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш ва тарқатиш орқали таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратишга берилаётган улкан эътиборнинг яна бир ишончли далилидир. Қонун лойиҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятидаги ҳужжатларни бериш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароит яратиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мажлис кун тартибига қонун лойиҳалари биринчи ўқишда ҳам киритилди. Хусусан, қонунчилик ташаббуси тартибида Олий суд томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мажлисда таъкидланганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига ва процессуал ҳаракатларнинг аниқ доиралари белгиланишига, томонларнинг тенглик ва тортишиш принциплари бундан буён ҳам рўёбга чиқарилишига, суд ишларининг тўлиқ, ҳар томонлама ва пухта кўриб чиқилишига ҳамда қабул қилинадиган қарорларнинг сифати оширилишига кўмаклашади.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ва тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган. Тузатишлар “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Солиқ кодексларига киритилмоқда.
Депутатлар солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига катта эътибор қаратдилар. Тузатишлар “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар таъкидладиларки, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини яхшилаш имконини беради. Жумладан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг
5-моддасига киритилаётган тузатиш микрофирма ва кичик корхоналар ходимларининг энг юқори сонини, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ишга қабул қилинган тақдирда, 20 фоиздан 50 фоизгача оширишни назарда тутади. Парламент аъзоларининг фикрича, ушбу ўзгартиш микрофирма ва кичик корхоналарни ёш мутахассисларни ишга қабул қилишга рағбатлантириш имконини беради.  
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари молия ҳисоботини электрон ҳужжат шаклида тақдим этиши, улар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни олти ой мобайнида тўлашига доир ягона тартиб ўрнатилиши назарда тутилмоқда. Умуман олганда, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши 2015 йилга мўлжалланган Солиқ сиёсати концепциясини рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароит яратади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг нормалари янги иш ўринлари ташкил этилишига ва аҳоли бандлиги янада оширилишига кўмаклашишини алоҳида қайд этдилар. Солиқ солиш юзасидан хўжалик юритувчи субъектларга берилаётган имтиёзлар, айниқса, касаначилик ва оилавий тадбиркорлик соҳасида иш билан таъминлашнинг турли шаклларини самаралироқ жорий этиш имконини беради. Бу партиянинг иш билан банд бўлмаган аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни, аёлларни ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш орқали меҳнат бозорида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга доир дастурий мақсадлари ва вазифаларига тўлиқ мос келади. 
Бундан ташқари, депутатларнинг фикрича, Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартишлар пенсияларнинг (шу жумладан, стажи тўлиқ бўлмагандаги пенсияларнинг) энг кам базавий миқдорларини бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш учун ёшга доир пенсиянинг энг кичик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилашни кўзда тутмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар ва қоидалар партиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги мақсадлари ҳамда вазифаларига ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга кўмаклашади. Шу билан бирга, фракция аъзолари таъкидладиларки, Солиқ кодексига киритилаётган тузатишлар қатъий ставка бўйича солиқ солинадиган даромадларнинг алоҳида турлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушланган суммалари ва тўланган даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш заруратини бекор қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштиришни назарда тутмоқда. Ушбу ўзгартишларнинг киритилиши ҳисоботни топширишда солиқ маъмуриятчилиги учун сарфланадиган харажатларни камайтириш, умумий йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатиладиган маълумотлар такрорланишининг олдини олиш имконини беради.  
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сўзга чиққанлар киритилаётган ҳуқуқий нормалар катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Хусусан, “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунда мансаб даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга судьялар ва прокуратура органлари ходимларининг пенсиялари миқдорини ИИВ ходимларининг пенсияларини ҳисоблаш сингари аниқлаш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мансаб даражаларига эга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари судьяларини, шунингдек, прокуратура органлари ходимларини хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан тўланадиган даромаддан олинадиган ягона тўловдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда. “Адолат” партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, киритилаётган тузатишлар кейинги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми ҳисобланади.  Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари  Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этишни, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқиш тартибини ҳар чоракда эмас, балки бир йилда бир марта белгилашни назарда тутаётганлигига эътибор қаратдилар. Шу билан бир қаторда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бюджет маблағларини ўзлаштиришда ҳуқуқий қоидабузарликларнинг олдини олиш учун қулайроқ шарт-шароит яратиш имконини беради.    
Депутатлар моддама-модда ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда ушбу қонунни якуний таҳрирда қабул қилдилар. Ҳужжат Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn