«Соғлом бола йили» Давлат дастури Хитойда тақдим этилди
  • 07 Ноябрь 2014

«Соғлом бола йили» Давлат дастури Хитойда тақдим этилди

Яқинда Хитойнинг Чжоушань шаҳрида “Соғлом бола йили” Давлат дастури тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош консуллиги томонидан ташкил этилди.
Хитой Халқ Республикаси ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари иштирокида ўтган мазкур маросимда “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, асосий йўналишлари, унинг ҳаётга татбиқ этилиши жараёнлари ҳамда эришилган натижаларга оид маълумотлар мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Хусусан, ҳукуматимиз томонидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш масаласига катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Шу ўринда “Соғлом бола йили” Давлат дастури юртимизда болаларнинг дунёга келиши, тарбияланиши ва таълим олишини, оилаларда соғлом муҳитни қўллаб-қувватлашгача бўлган мажмуавий чора-тадбирларни қамраб олгани ҳам қайд этиб ўтилди.
Маълумки, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши кураш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Ушбу мақсадларга эришишда кенг қамровли ишлар амалга оширилди, бутун мамлакат бўйлаб аниқ мақсадга йўналтирилган бир қатор дастурлар, шу жумладан, “Соғлом она — соғлом бола” дастури ҳаётга татбиқ этилди.
Ихтисослаштирилган тиббий марказлар, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари тармоғи, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилганлиги ва оилавий тиббиёт тамойилига ўтилганлиги боис аҳоли, энг аввало, қишлоқларда истиқомат қилувчи болалар ҳамда аёлларнинг малакали тиббий ёрдам олишлари учун кенг имкониятлар яратилганлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, республикамиз даволаш-профилактика муассасаларини модернизациялаш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун сўнгги 10 йил мобайнида 750 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилган. Ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 маротаба, болалар ўлими эса 3,2 маротаба қисқарди. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти томонидан тузилган рейтингга кўра, Ўзбекистон болалар саломатлигига алоҳида ғамхўрлик кўрсатадиган 10 мамлакат сафидан жой олгани бежиз эмас.
Чжоушань шаҳар ҳукумати ҳузуридаги ташқи ишлар департаменти паспорт-виза бўлими директори Нинбо Ма Сулан Ўзбекистон раҳбарияти томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юксак баҳо берди.
— Қисқа даврда мамлакат тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида диққатга сазовор муваффақиятлар қўлга киритилди, — деди у. — Бунга кўп жиҳатдан кучли ижтимоий сиёсат ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза этишга доимий ғамхўрлик кўрсатилаётгани туфайли эришилди. 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганлиги ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Умуман, Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсатида алоҳида эътирофга молик жиҳатлар кўп. Оилавий қадриятларни авайлаб асраш, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.

«Жаҳон АА».
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn