Самарали жамоатчилик бошқарувининг ноёб институти
  • 05 Ноябрь 2014

Самарали жамоатчилик бошқарувининг ноёб институти

2014 йил 6 — 17 октябрь кунлари Европанинг Германия, Франция, Буюк Британия ва Бельгия каби етакчи мамлакатларида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим механизми” мавзуида халқаро илмий-амалий давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу тадбирларда хорижий мамлакатларнинг парламент аъзолари, давлат ҳокимияти органлари, илмий тадқиқот марказлари, олий ўқув юртлари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги тажрибаси маҳалла институтининг ривожланиши мисолида кўриб чиқилди. Тадбирларда мазкур институтнинг изчил ривожланиши, унинг ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашдаги ўрни, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизми билан боғлиқ маълумотлар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Жамиятда барқарорликни, миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлашда маҳалла муҳим аҳамият касб этиши хорижлик экспертлар томонидан ҳам таъкидланди. Ўзаро фикр алмашувлар пайтида давра суҳбатларининг аксарият қатнашчилари қайд этганидек, Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар демократик қадриятларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу эса миллати ва эътиқодидан қатъи назар, барча фуқароларга ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш имкониятини кафолатлайди.
Давра суҳбатлари доирасида “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди ҳамда тадбир иштирокчилари “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” номли китобнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди. Маҳалла институтининг ривожига оид маълумотларни ўз ичига олган мультимедиа материаллари ҳам хорижлик экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Европалик олимлар, давлат арбоблари ҳамда мутахассислар маҳалла институтининг самарали фаолиятини таъминлайдиган ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш бўйича мамлакатимиз тажрибасини ўрганиш зарур эканини алоҳида айтиб ўтди.
Жумладан, Франция Миллий Ассамблеяси депутати, Миллий Ассамблеядаги “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари Т. Мариани қуйидаги фикрларни билдирди: “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ушбу мамлакатда маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳалла жамиятдаги замонавий талаблар ва ўзбек халқининг азалий анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий муносабатларни сақлаб қолишга имкон берадиган ўзига хос тизим ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг бу соҳадаги тажрибаси Францияда катта қизиқиш уйғотаётганининг сабаби шундаки, маҳалла тимсолида халқнинг асрий анъаналари ва замонавий ҳаёти уйғун равишда бир-бирини тўлдиради. Ҳозирги пайтда жаҳон миқёсидаги глобаллашув шароитида фуқароларнинг саъй-ҳаракатлари, энг аввало, бирдамлик риштасини сақлаб қолиш имкониятларини қидиришга йўналтирилгандир. Шу нуқтаи назардан, маҳалла аҳоли учун муҳим ҳаётий масалаларни ҳал этишга қодир бўлган ноёб институт ҳисобланади”.
Европарламент депутати (Германия), Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан ҳамкорлик бўйича делегация аъзоси И. Эртуг қуйидаги фикр-мулоҳазаларни баён қилди: “Ўзбекистон қисқа давр мобайнида иқтисодий, сиёсий ҳамда демократик тараққиёт борасида мислсиз натижаларга эришишга муваффақ бўлди. Айнан маҳалла институти туфайли бу мамлакатда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзи билан боғлиқ ва айни пайтда ижтимоий аҳамиятга молик қадриятларга ҳурмат, миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муносабатлари таъминланиб, инсоннинг жамият олдидаги мажбурияти ва масъулияти сўзсиз бажарилишини кафолатлайдиган ўзига хос тамойиллар шаклланмоқда ҳамда сақланиб қолмоқда. Буларнинг барчаси ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ишончнинг юксак даражада экани фуқаролик жамияти шаклланишининг зарур шарти ҳисобланади. Маҳалла тажрибаси кўпгина мамлакатлар учун жуда фойдали бўлиб, ўзини ўзи бошқаришнинг бундай идорасини шакллантириш халқлар ҳамда давлатлар ўртасидаги мулоқотда яна бир қулай ҳамкорлик йўналиши бўлиши мумкин”.
Бельгия маъмурий фанлар халқаро институти бош директори Р. Лоретаннинг қайд этишича, “Мамлакатда миллати ва эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар учун бирдек қулай шароитларни яратиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси Европа илмий тадқиқот доираларини борган сайин ўзига кўпроқ жалб этмоқда”. У Ўзбекистон Республикасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тутган ўрни ҳамда тизимда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
“Жанубий Осиё демократик форуми” таҳлил маркази ижрочи директори П. Касака Ўзбекистонда барча миллатлар ва диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатларда мувозанат яратилганини алоҳида таъкидлади. Маҳалла — жамиятнинг асоси сифатида — фуқароларнинг қадрият ҳамда анъаналарини ҳисобга олади, шунингдек, уларнинг уйғун ривожланишига кўмаклашади. Экспертнинг фикрича, бу тажриба турли миллат ва конфессиялар ўртасида бағрикенглик муносабатларининг ўрнатилиши нуқтаи назаридан бошқа мамлакатлар учун ҳам ғоятда фойдалидир.
Европа халқаро муносабатлар институтининг геосиёсий тадқиқотлар бўйича директори П. Томанн қуйидаги мулоҳазаларни билдирди: “Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг давлат ва жамият қурилиши соҳасида туб ислоҳотларни амалга оширди. Мен Ўзбекистон мустақилликнинг илк даврларида ўзи учун танлаган тараққиёт стратегияси нақадар тўғри ва барқарор эканига, давлатнинг бош ислоҳотчи этиб белгиланганига қойил қолдим. Бугун мамлакат кучли давлат ҳокимиятидан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш бўйича янги мақсадларни ўз олдига қўймоқдаки, мазкур жараёнда маҳалла институти муҳим аҳамият касб этмоқда”.
Европарламент депутати (Италия), Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан ҳамкорлик бўйича делегация аъзоси Х. Дорфман ўз чиқишида қайд этганидек, “Ўзбекистонда мустақиллик йилларида демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришни таъминлайдиган барқарор ҳамда жадал ривожланадиган тизим яратилди. Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши Ўзбекистон тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Маҳалла фуқаролик жамияти институти ҳамда унинг ривожланиш механизмларидан бири сифатида қатор муҳим ижтимоий вазифаларни ҳам бажаради. Улар ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлайди ва барқарорликни таъминлашга кўмаклашади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими соғлом фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда демократлаштириш учун шароит яратмоқда. Маҳалла замонавий жамиятда анъанавий фуқаролик институтлари учун ўзига хос модель сифатида намоён бўлмоқда.
Ўтказилган тадбирлар Ўзбекистоннинг қандай ривожланаётганини ва маҳалланинг бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий тизимнинг барқарор ҳамда изчил фаолият юритишига қай тарзда кўмаклашиши мумкинлигини яхши англаш имконини яратди”.
Европа халқаро муносабатлар институти президенти И. Семинаторенинг фикрича, “Маҳалла институти жамиятда маънавий-ахлоқий қадриятлар, соғлом ҳаёт тарзи фалсафасининг мустаҳкамланишида, ёш авлодни тарбиялашда, жойларда таълим-тарбия, аҳоли бандлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш, жамоат хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш масалаларида муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистон тажрибаси унда маҳалланинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали реал ижтимоий шерикликнинг намоён бўлиши билан долзарб аҳамиятга эга”.
Янги технологиялар ва инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича Бранденбург институти президенти Э. Клозенинг мулоҳазасига кўра, “Маҳалла институти хорижий эксперт-таҳлил доиралари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки инсонлар ўртасидаги очиқ мулоқот ва жамоатчилик назоратининг йўқлиги турли ижтимоий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шу маънода, маҳаллани ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини жамият ҳамда давлат барқарор тараққий этишининг ноёб воситаси сифатида эътироф этиш мумкин”.
Руминиянинг Европа муниципалитетлари ва минтақалари Кенгашидаги вакили С. Унгуреану-Либиту ўз чиқишида Ўзбекистонда ҳар бир йил нафақат давлат ҳокимияти, балки жамоат ташкилотларининг ҳам эътиборини талаб қиладиган алоҳида масалага бағишланишига алоҳида аҳамият қаратди. У бундай ёндашув ишлаб чиқилган аниқ режалар доирасида муайян йўналиш бўйича долзарб масалаларни ҳал этиш учун барча ресурсни йўналтириш имконини беришини қайд этди.
Европарламент депутати (Латвия), Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан ҳамкорлик бўйича делегация раиси И. Григуле мавзу хусусида шундай фикр билдирди: “Маҳалла оилани мустаҳкамлаш, ёш авлодни тарбиялаш, оилавий масалаларни ҳал қилишда катта ўрин тутади. У аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан энг адолатли, халқ ишончини қозонган восита ва механизм ҳисобланади”. Депутатнинг айтишича, оилалардаги вазиятни, уларнинг моддий ҳолатини, маънавий ва маданий қизиқишлар доирасини маҳалладек яхши биладиган тизим йўқ.
Европарламент депутати (Польша), Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан ҳамкорлик бўйича делегация аъзоси А. Гирекнинг билдиришича, “Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган сиёсат шу жиҳатдан ҳам эътиборга моликки, бу борада касб-ҳунар ўқув муассасаларининг ташкил этилиши ушбу сиёсатнинг муҳим элементи ҳисобланади. Мамлакат раҳбарияти томонидан белгилаб олинган “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” стратегиясининг оқилоналигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Мазкур стратегиянинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ўзини ўзи бошқариш органлари алоҳида ўрин эгаллайди ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда амалий восита, Ўзбекистон тараққиётининг муҳим элементи ҳисобланади”.
Сорбонна Париж IV университети профессори Ж.-А. Дюпра:
— Ўзбек халқи мустақил ривожланиш йиллари давомида демократик тараққиёт йўлида эришган ютуқлари билан фахрланса арзийди. Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти органларининг бир қатор ваколатларини маҳалла институтига бериш бўйича тажрибаси алоҳида эътироф ва юксак баҳога сазовордир. Бу борада фуқаролик жамиятининг анъанавий институтлари давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан реал имкониятларга эгадир.
Франциялик дипломат, Франциянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ж.-К. Ришар қайд этганидек, “Мустақиллик йилларида ҳаётнинг барча соҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширган Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини қуриш стратегик вазифа ҳисобланади. Ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамияти ривожланишидаги ўрнига бағишланган тақдимотлар Франция парламенти вакиллари ҳамда экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, жамиятнинг ўзини ўзи идора этиши юзасидан ўрнак бўлса арзигулик намуна кўрсатмоқда”.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn