БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитаси Ўзбекистон ташаббуси бўйича резолюцияни якдиллик билан қўллаб-қувватлади
Версия для печати
  • 04 Ноябрь 2014

БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитаси Ўзбекистон ташаббуси бўйича резолюцияни якдиллик билан қўллаб-қувватлади

2014 йил 29 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитаси “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома” резолюцияси лойиҳасини кўриб чиқди ва овоз беришга қўймасдан, консенсус асосида мазкур ҳужжатни қабул қилди.

Дунёнинг 60 га яқин давлатлари, жумладан, “ядровий бешлик” мамлакатлари — Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция унинг ҳаммуаллифлари бўлишди.
Ҳужжатнинг биринчи бандида “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартноманинг 2009 йил 21 мартда кучга кириши маъқулланган”.
Шу тариқа, 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ташаббус қўллаб-қувватланди.
Марказий Осиёдаги ядросиз зона қатор ноёб ўзига хосликларга эгадир. Бу Шимолий яримшарда барпо этилган биринчи ядросиз ҳудуддир. Шунингдек, мазкур шартнома Марказий Осиёдаги беш мамлакатнинг барчаси иштирок этаётган хавфсизлик соҳасидаги  биринчи кўп томонлама битим бўлди. 
Шартномага кўра, ҳар бир томон ядровий тадқиқотлар ўтказмаслик, ҳар қандай ядровий қурол ёки бошқа ядровий портлаш қурилмаси устида иш олиб бормаслик, ишлаб чиқармаслик, захираларини тўпламаслик ёки бошқа усуллар билан қўлга киритмаслик, эгалик қилмаслик ёки унинг устидан назоратни амалга оширмаслик бўйича ўз зиммасига мажбуриятлар олган. Ўз навбатида, ядровий давлатлар шартномада иштирок этаётган барча мамлакатга нисбатан ядро қуролини ёхуд бошқа ядровий портлаш қурилмасини қўлламаслик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилмасликни кафолатлайди.
Нуфузли халқаро экспертлар томонидан бир неча бор қайд этилганидек, Ўзбекистон ташаббусининг амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилиши Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ва изчил тараққиёти учун минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор вазифаларга ҳамда глобал даражада ядро қуроллари тарқалмаслиги тизимининг мустаҳкамланишига жавоб беради.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn