Тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик
  • 01 Ноябрь 2014

Тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик

Тошкентда Араб мувофиқлаштириш гуруҳи делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари — Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармаси ва ОПЕКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси, шунингдек, мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани самарасида чет эллик инвесторларнинг бизнес юритиши учун қулай инвестициявий муҳит, зарур шароит ва преференциялар яратилгани таъкидланди. Нуфузли молия институтлари билан ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани эса Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг янада юксалишига хизмат қилмоқда.
Томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашди. Ўзбекистон ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланди. Тақдим этилаётган кредитлар соғлиқни сақлаш, таълим, ичимлик суви таъминоти ва коммунал хўжалик инфратузилмасини такомиллаштириш, энергетика секторини модернизация қилиш ва бошқа кўплаб соҳалардаги стратегик муҳим лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган.
Анжуманда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий тараққиёт, саноатни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилди.
Ўзбекистонда бугунги кунда иқтисодиётни фаол диверсификация қилиш, бой минераллар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва меҳнат ресурсларини оқилона бошқариш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилаётгани қайд этилди.
Давра суҳбати доирасида мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари томонидан энергетика, йўл инфратузилмаси, коммунал хўжалик, таълим, экология, ирригация, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларидан зиёд 25 истиқболли лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг ушбу лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида томонлар мажлиснинг якуний протоколини имзолади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича қиймати 100 миллион долларлик заём битими имзоланди.
Ҳужжатларни имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов иштирок этди.


Сардор ТОЖИЕВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn