Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида
  • 01 Ноябрь 2014

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида

2014 йил 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, комиссия раиси Р. Қодиров бошқарган мазкур йиғилишда никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўригини ташкил қилиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, болаларда касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, болалар тиббий кўригини ва даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини ҳамда моддий-техника базасидан оқилона фойдаланилиши аҳволини тиббиёт муассасалари ва бошқа масъул идораларда ўрганиш натижалари, бу борада Андижон ҳамда Навоий вилоятларида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакатда никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўригини ташкил этиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳ ҳамда туғуруқларнинг олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, болаларда касалликларни эрта аниқлаш ҳамда профилактика қилиш, болалар тиббий кўригини, даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш мақсадида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, тизимни малакали мутахассислар билан таъминлаш ишлари ҳамда жаҳон стандартларига мос келадиган тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилганлиги қайд этилди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида аҳолига, хусусан, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тубдан яхшиланган, кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлими, туғма нуқсонли чақалоқлар туғилиши ҳолатлари сезиларли даражада камайган.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, хотин-қизлар қўмиталари фаолиятида кун тартибида кўрилган масала бўйича йўл қўйилаётган баъзи нуқсонлар танқид қилинди.
Йиғилишда соғлом болани вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий кўриклар сифатини ошириш, соғлом оилани шакллантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал қилиш, айрим қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, бу борада мутасадди идораларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан комиссия аъзоси, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Алимовнинг ҳисоботи эшитилди. Мажлис якунида муҳокама этилган масала юзасидан қабул қилинган қарор ижро этиш учун тегишли идораларга юборилди.
Комиссия йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э. Боситхонова иштирок этди.


Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Вояга етмаганлар ишлари
бўйича комиссия.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn