Ислоҳот, самарадорлик, таҳлил
  • 11 Февраль 2014

Ислоҳот, самарадорлик, таҳлил

Жойларда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган долзарб вазифалар қизғин таҳлил қилинди.

Бу ҳақда мухбирларимиз хабар беради.
ХОРАЗМ
Вилоят фаоллар йиғилишида 2013 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди. Хусусан, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 9,1 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,8, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,4, капитал қўйилмалар 36, қурилиш ишлари 16,5, чакана савдо айланмаси 12, жами хизматлар 21,1 фоиз ўсди.
Ҳисобот даврида вилоятни 2013 — 2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, жами 147 миллион доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, 1576 лойиҳа амалга оширилгани эътироф этилди. Бунинг натижасида 10,4 мингта янги иш ўрни яратилди. Саноат соҳасида 57 миллион доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, 325 лойиҳа амалга оширилди. 4471 янги иш ўрни ташкил қилинди.
Ҳудудда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар самарасида 1058 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Айниқса, вилоят ялпи ҳудудий мaҳсулoтида кичик бизнeс субъектлaрининг улуши 73,8 фоизга етгани эътиборга молик.
Йиғилишда ҳудудий бандлик дастурига асосан ўтган йили 60,5 мингта янги иш жойи ташкил этилгани айтиб ўтилди. Ушбу янги иш ўринларининг 25,6 мингтасига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилинди.
Вилоятда саноат салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди. Мавжуд нуқсонларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.

СУРХОНДАРЁ
Фаоллар йиғилишида қайд этилганидек, 2013 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсиши 109,5 фоизни ташкил қилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 110 фоизни, капитал қўйилмалар ҳажми 123, пудрат ишлари ҳажми 114,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 106,5, пуллик хизматлар 118,5, чакана савдо айланмаси 117,2 фоизга етди.  
Вилоятни 2013 — 2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, ўтган йили умумий қиймати 121,8 миллион долларга тенг бўлган 1432 истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, 17 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Ҳисобот даврида воҳада қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳада 18,8 миллион доллар маблағ ҳисобидан 434 лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 3324 иш ўрни ташкил этилди.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 323,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди, 1279 кичик бизнес субъекти ўз фаолиятини бошлади. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 74,1 фоизни ташкил этди. Ўтган йили 66 минг 518 янги иш ўрнининг 37 минг 500 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжудлиги ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида муаммолар борлиги таъкидланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.

Ойбек РАҲИМОВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn