Инсон манфаатларининг мустаҳкам кафолати
  • 31 Октябрь 2014

Инсон манфаатларининг мустаҳкам кафолати

Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими шакллантирилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, шунингдек, Бош прокуратура, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликларидаги махсус бўлимлар бу борада самарали иш олиб бормоқда.

Шулардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ташкил топганига бугун 18 йил тўлди. Мухбиримиз мазкур муассаса директори Акмал САИДОВ билан шулар хусусида суҳбатлашди.
— Истиқлол шарофати билан бугун юртдошларимиз ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини ҳамда “Мен — эркин инсонман” деган туйғуни теран англаб етди, энг муҳими, ҳар бир инсоннинг қонуний манфаатларидан самарали фойдаланиши учун кенг имконият яратилди, — дейди А. Саидов. — Зеро, мустақиллик, бу — аввало, ҳуқуқ, демак. Шу ҳақда гап кетганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг ташкил этилиши ва унинг бугунги фаолияти ҳақида тўхталиш айни муддаодир. Ёдингизда бўлса, Президентимизнинг 1996 йил 29 августда бўлиб ўтган парламент сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини бошқариш ва назорат қилишнинг янги самарали миллий механизмларини яратиш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Унда таъкидланганидек, аҳолида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш борасида янги қадриятлар ва демократик кўникмаларни шакллантириш, пировард натижада эса инсон ҳуқуқларига ҳурмат-эҳтиромни ва уларга риоя этишни умуммиллат даражасида ривожлантиришга қаратилган маданиятни юзага келтириш ғоят муҳимдир...
Орадан кўп ўтмади. Давлатимиз раҳбарининг 1996 йил 31 октябрдаги Фармонига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тузилиб, мазкур муассасанинг мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим қадам бўлганини айтиш зарур. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан эса инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Пировардида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда бошқа миллий институтлар самарали ишлаши учун зарур шароит яратилди, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

— Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталсангиз.
— Марказ зиммасига юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирчан воситасини яратиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари, умуман, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини оширишдек эзгу вазифалар юклатилган. Ўтган 18 йил мобайнида Миллий марказ ана шу вазифалардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш йўналишида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини изчил бажармоқда, хусусан, ушбу масалалар бўйича БМТнинг тегишли шартномавий органларига миллий ҳисоботларини доимий равишда тақдим этмоқда. Айни чоғда уларнинг тавсияларини тўлиқ бажаришда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари, умуман, жамики юртдошларимиз қаторида, муассасамиз ҳам фаол қатнашаётганидан мамнунмиз. Шуларга уйғун равишда жорий йилда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция бўйича БМТнинг тегишли қўмиталарида Ўзбекистоннинг навбатдаги миллий маърузалари кўриб чиқилишида иштирок этдик.
Шунингдек, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни бажариш бўйича Ўзбекистоннинг Учинчи-Тўртинчи маърузалари ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга иккита факультатив протоколни бажариш бўйича Дастлабки маърузаларнинг кўриб чиқилиши якунлари юзасидан ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида Универсал даврий кўриб чиқиш доирасида Ўзбекистоннинг Иккинчи маърузасини кўриб чиқиш якунига доир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсияларини бажариш юзасидан Миллий ҳаракат режасини тайёрлашда қатнашдик. Қувончлиси шуки, БМТнинг шартномавий органларига юборилган Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий кўп томонлама ҳужжатлар бажарилиши тўғрисидаги миллий даврий маърузалар халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлари томонидан юқори баҳога сазовор бўлди.
Марказимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалаларига бағишлаб  ташкил этилаётган халқаро тадбирларнинг ҳам доимий иштирокчисидир. Бу тадбирларда халқаро ҳамжамият демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича Ўзбекистонда изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлардан батафсил хабардор қилинаяпти. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш самаралари билан яқиндан таништирилмоқда.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Миллий марказнинг доимий эътиборида. Хусусан, БМТнинг Тараққиёт дастури билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалаларига бағишланган ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этиш борасида яқин ҳамкорлик қилаяпмиз. Айни чоғда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, ЮНИСЕФ, Европа Иттифоқи, Ф. Эберт ҳамда К. Аденауэр номидаги жамғармалар билан ҳамкорлигимиз кейинги йилларда юқори босқичга кўтарилди.

— Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни маслаҳат-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим вазифаларимиздандир. Ушбу йўналишда Ташқи ишлар, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура доимий шерикларимиз ҳисобланади. Улар иштирокида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг долзарб жиҳатларига бағишланган маърифий тадбирлар ўтказилаётгани бунга мисол бўла олади. 
Бундай ҳамкорлик парламентимиз, хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан изчил йўлга қўйилган. Улар ёрдамида ўтказилган “Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига оид қонунчилик ва Соғлом бола йили”, “Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш истиқболлари”, “Ижтимоий шериклик институтини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш шакллари”, “Парламент ва жамоатчилик назорати институтларини янада ривожлантириш масалалари: миллий амалиёт ва Европа тажрибаси” мавзуларидаги турли тадбирлар ана шундан далолат бериб турибди.
Марказимиз қонун ҳужжатларини тайёрлаш, эксперт жиҳатдан баҳолаш ва такомиллаштиришга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш борасида ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Масалан, кейинги даврда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрири, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонун лойиҳалари бўйича тегишли  таклифлар тайёрланиб, қонун ижодкорлиги субъектларига тақдим этилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз хусусида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Айниқса, болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш масалалари бўйича фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат бериш-эксперт тадбирлари амалга оширилаётганини қайд этиш жоиз.

— Марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ахборот-маърифий фаолияти хусусида нималар дейиш мумкин?
— Аввало, кейинги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ҳамда маърифий ишлар тизими шакллантирилганлигини айтиш ўринлидир. Барча мактаб, лицей ва коллеж ҳамда олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари пухта ўргатилмоқда. Шунга мос равишда бугун республикамизда 20 дан зиёд ихтисослаштирилган журнал ва газеталар чоп этилаяпти. Бу борада, айниқса, Марказ муассислиги ва ҳаммуассислигида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналларининг аҳамияти катта бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, муассасамизда инсон ҳуқуқлари бўйича китоблар, илмий-оммабоп рисолалар, халқаро ҳужжатлар тўпламлари, халқаро конференциялар материалларини чоп этиш яхши йўлга қўйилган.
Умуман, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини кафолатлаш орқали фуқароларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган эзгу ишлар жадал давом эттирилмоқда. Зеро, юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шундан иборатдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn