Ижтимоий шериклик — демократик янгиланишларнинг муҳим омили
  • 22 Октябрь 2014

Ижтимоий шериклик — демократик янгиланишларнинг муҳим омили

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш пировард мақсад сифатида белгилаб олиниб, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳамда жамият ишларидаги иштирокига кенг йўл очилди.

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ҳамда фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилди. Фуқаролик жамияти институтларининг бундай юксак конституциявий мақомга эга бўлиши юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлди.
Шу асосда ўтган даврда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш орқали фуқароларнинг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилди. Буларнинг барчаси пировардида демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланган, фуқаролар ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратаётган, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони муттасил ошишига хизмат қилди.
Конституциямизда давлат жамоат бирлашмалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши қатъий белгилаб қўйилган. Шу асосда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат қоидаларини рўёбга чиқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятининг йўлга қўйилиши ННТ имкониятларини янада кенгайтириб, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кучайтирди.
Олий Мажлис ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилиши эса ННТнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтиришда амалий кўмак бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси жамиятимиз ривожининг ташкилий, ҳуқуқий ва ижтимоий асосларини бундан-да мустаҳкамлаш йўналишларини белгилаб берди.
Бугунги кунда Концепцияда илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари босқичма-босқич рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, фуқаролик жамиятининг ноёб институти бўлмиш фуқaролaрнинг ўзини ўзи бошқaриш органлари — мaҳaллa фaолиятининг тaшкилий-ҳуқуқий aсослaрини янaдa тaкомиллaштириш, унинг вaзифa ва ваколатлари кўлaмини кенгaйтириш, дaвлaт ҳокимияти ҳамдa бошқaруви оргaнлaри билaн ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикaсининг “Фуқaролaрнинг ўзини ўзи бошқaриш оргaнлaри тўғрисидa”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу Қонунда белгилаб қўйилган қоидалар маҳаллани aниқ йўнaлтирилгaн aсосдa aҳолини ижтимоий қўллaб-қуввaтлaш, хусусий тaдбиркорлик вa оилaвий бизнесни ривожлaнтириш ҳамда унинг дaвлaт бошқaруви оргaнлaри фaолияти устидaн жaмоaтчилик нaзорaтини олиб бориш йўналишларидаги вaзифa ҳамда ваколатларини янaдa кенгaйтиришгa хизмат қилаяпти. Ўзбекистон Республикaсининг янги таҳрирдаги “Фуқaролaр йиғини рaиси (оқсоқоли) вa унинг мaслaҳaтчилaри сaйлови тўғрисидa”ги Қонуни эса энг муносиб, тажрибали, замон талабларига мос келадиган фуқaролaр йиғини рaислари вa уларнинг мaслaҳaтчилaри сaйлaнишида ҳамда ушбу жараёнларда аҳолининг ижтимоий фaоллигини оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Фуқаролик жамияти институтларининг aтроф-муҳитни муҳофаза этишни тaъминлaш тизимидaги ўрни ва бу борада улар томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари “Экологик нaзорaт тўғрисидa”ги Қонунда мустаҳкамлаб қўйилди. Бу эса жамиятни ўйлантираётган ижтимоий аҳамиятга эга масалалар, хусусан, экология масаласида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтирди.
Биз очиқ фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораяпмиз. Бунда, албатта, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлангани долзарб аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши нафақат фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда, балки фуқаролик жамияти институтларининг дaвлaт ҳокимияти оргaнлaри томонидaн қaбул қилинaётгaн қaрорлaр, айниқса, фуқaролaрнинг ҳуқуқ вa эркинликлaри, қонуний мaнфaaтлaри билaн боғлиқ қaрорлaр ҳaқидaги aхборотлaрдaн кенг хaбaрдор бўлишини тaъминлaшда қўл келмоқда.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари жамоатчилик назорати институти билан бир қаторда, фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини кафолатловчи ишончли воситалардандир. Бинобарин, демократик тараққиёт йилларида жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиши, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий фаоллиги тобора ошиб бориши, нодавлат нотижорат ташкилотлари мустақиллиги таъминланиши натижасида давлат ҳокимияти органлари билан улар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқиш зарурати туғилди.
Шу маънода айтганда, Концепция асосида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун алоҳида аҳамият касб этди. Зеро, мазкур Қонун, Президентимиз қайд этганидек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини муҳофаза этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилаш ҳамда ташкилий-ҳуқуқий меxанизмларни такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Ижтимоий шериклик муносабатлари биз учун янгилик эмас. Негаки, мамлакатимизда давлат ҳокимияти органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида муайян масалаларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорликнинг ўзига хос тажрибаси шаклланган. Бу ҳамкорлик жаҳон амалиётидан қамрови кенглиги, фақатгина меҳнат муносабатлари билан чегараланиб қолмасдан, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим соҳаларини ўз ичига олиши, муҳими, аҳолининг кўплаб ижтимоий гуруҳларини жалб этиши билан яққол ажралиб туради.
Хориж амалиётида ижтимоий шериклик турли шаклларда намоён бўлаётганлигини кўриш мумкин. Кўпгина илмий адабиётларда ижтимоий шерикликнинг герман (Австрия, Германия, Швейцария), скандинав (Швеция, Норвегия, Дания) ва америка (АҚШ, Англия) моделлари ҳақида сўз боради. Мазкур моделларнинг асосий мақсади жамиятда ижтимоий келишув ва мувозанатни қарор топтириш бўлса-да, самарадорлик кўрсаткичи бўйича улар бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, герман модели учун ижтимоий шериклик демократияни мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларини тинч йўл билан ҳал қилиш, ижтимоий кескинликларнинг олдини олиш воситаси бўлса, скандинав моделида ижтимоий фаровонлик кўрсаткичи ҳисобланади. Америка модели учун эса иқтисодий ўсишни таъминлаш устуворлик қилади. Юртимизда амалиётга татбиқ этилаётган ижтимоий шериклик модели шуниси билан аҳамиятлики, халқимизнинг кайфияти, ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ барча соҳаларни қамраб олади. Айни пайтда ижтимоий шерикликда қатнашадиган субъектлар кўлами жуда кенг бўлиб, бу жамиятдаги барча аҳоли қатламлари манфаатларини самарали таъминлаш имконини яратади. Асосийси, ижтимоий шерикликнинг “ўзбек модели” бугунги замон талабларига ҳам тўлақонли жавоб беради. Қолаверса, юқорида тилга олинган моделларнинг вақт синовидан ўтган, ижобий жиҳатлари қонунчилигимизда ўз ифодасини топди.
Мамлакатимизда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнига олимлар, амалиётчи мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари бевосита жалб этилди. Энг муҳими, ушбу масалада хориж тажрибаси, чет эллик экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ва юртимизда шаклланган амалиёт эътиборга олинди. Айни пайтда мазкур лойиҳа жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг ва батафсил муҳокамадан ўтказилди.
Республикамизда ижтимоий шериклик нормалари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, одамлар соғлиғини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби соҳаларда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият, спортни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар аҳиллиги ғояларини мустаҳкамлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олади.
Шу ўринда ижтимоий шерикликнинг бундай ёндашуви ислоҳотлар сифати ва суръати даражаси ҳамда мавжуд сиёсий тизимимизнинг демократик ва инсонпарварлик моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, вужудга келганлигини қайд этиш лозим. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилиши фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари учун бирдек фойда келтиради. Зотан, фуқаролик жамияти институтларининг мавжуд муаммоларни ҳал қилишда давлат субсидиялари, давлат грантларидан ташқари, ижтимоий шериклик субъектларининг ўз маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб этиш, кўнгиллилар меҳнати ёрдамида турли ижтимоий лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш имкониятлари янада ортади.
Айни пайтда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун илм-фан ривожи учун ҳам катта аҳамиятга эга эканлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бинобарин, Қонун нормалари ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларнинг бир тизимга солинишини кучайтиради, ижтимоий шерикликнинг ташкилий-ҳуқуқий ва институциявий асосларини ривожлантиради. Ижтимоий шериклик институти тушунчаси, унинг соҳа ва шаклларининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши эса юридик фан учун ҳам “озуқа”, “туртки” ролини ўтайди.
Хулоса ўрнида айтганда, Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ривожига ижобий таъсир этади, яъни давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини кучайтириш бўйича ўтказилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширади, катта ижтимоий аҳамиятга молик социал-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ҳамда қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида аҳоли кенг қатламлари манфаатларининг ҳар томонлама ҳисобга олинишига замин яратади.


М. АХМЕДШАЕВА,
юридик фанлар доктори,
М. НАЖИМОВ,
юридик фанлар номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn