Электрон тижорат равнақи ва қонунчилик
  • 15 Октябрь 2014

Электрон тижорат равнақи ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан электрон тижоратнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, тегишли ишчи гуруҳ аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Марказий банк ва тижорат банклари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ходимлари, ахборотлаштириш соҳаси мутахассислари, экспертлар қатнашди.
Тадбир электрон тижоратни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, амалдаги қонунчилик, авваламбор, янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Маълумки, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда улар ёрдамида кўрсатилаётган хизматларни ҳаётга самарали татбиқ этиш ижтимоий-иқтисодий соҳанинг барча йўналишлари, жумладан, бизнесни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Бундан ташқари, мамлакатнинг жаҳон иқтисодий тизимига янада интеграциялашуви, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш нафақат ташқи, балки ички бозорларда ҳам илғор технологияларни қай даражада қўллашга боғлиқ.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ахборотлаштириш соҳасида самарали қонунчилик базаси яратилган. Замонавий телекоммуникация инфратузилмасини барпо этиш борасида ислоҳотлар босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. Шу туфайли давлат ва жамият қурилиши, айниқса, иқтисодиёт ва бизнес тармоқларини ахборотлаштириш жараёнлари жадал кечмоқда, электрон тижорат ва электрон тўловларнинг замонавий тизимлари амалиётга жорий этилмоқда. Интернет тармоғи миллий сегменти фаол равнақ топаётир.
Хусусан, 2013 йилда электрон савдоларда амалга оширилган давлат харидлари ҳажми 417 миллиард сўмни ташкил этди. Савдолар якунлари бўйича бюджет маблағлари иқтисоди 83 миллиард сўмга етди. Бунда давлат харидлари доирасида етказилган товарлар ва хизматларнинг 83 фоиздан ортиғи кичик бизнес объектлари улушига тўғри келди.
Иштирокчилар жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини таҳлилдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар. Уларда анъанавий сотув усуллари электрон тижорат шакллари билан янада фаол ўзгартирилаётганига урғу берилди. Бинобарин, қонун лойиҳаси бўйича тузилган ишчи гуруҳ томонидан Корея Республикаси, Сингапур, Канада каби давлатларда электрон тижорат соҳасидаги қонунчилик, тегишли халқаро ташкилотлар ҳужжатлари муфассал ўрганилиб, уларнинг якунлари давра суҳбатида ҳавола этилди.
— Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида электрон битимларни расмийлаштиришни янада соддалаштиришга ҳаракат қилинган, — деди қўмита аъзоси Ф. Солиев. — Ўз навбатида, унда интернет тармоғи орқали банк карталаридан фойдаланган ҳолда тўлов механизмини жорий этиш имконини тақдим этиш масаласи ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли орган, унинг ваколатлари ҳамда электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи ахборот воситачилари таркибини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш назарда тутилаяпти.
Давра суҳбатида қонун лойиҳасида электрон тижоратда ахборотни ҳимоя қилишга доир талабларни белгилаш, электрон тижорат иштирокчилари, айнан  электрон тижорат тизими орқали экспорт қилувчи кичик бизнес субъектларига солиқ, божхона имтиёзлари ҳамда енгилликлари бериш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республикада электрон тижоратни янада кенг жорий этиш, савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакцион харажатлар)ни камайтиради. Электрон тижорат субъектларининг бир-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этади. Сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит яратади. Жумладан, бозорда янги иштирокчиларнинг пайдо бўлишида муҳим омилга айланиши мумкин. Қолаверса, у тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити янада яхшиланиши, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга қўшимча имкон беради.
Тадбир якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn