«Ўзбекистонда хориж сармояларини жалб қилиш учун чуқур ўйланган ва оқилона ёндашув мавжуд»
  • 08 Февраль 2014

«Ўзбекистонда хориж сармояларини жалб қилиш учун чуқур ўйланган ва оқилона ёндашув мавжуд»

Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонасида Ўзбекистонни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда Бельгиянинг расмий, ишбилармон, илм-фан ва жамоатчилик доиралари, оммавий ахборот воситалари, Брюсселда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари, Европа Иттифоқи Комиссияси ва Европарламент вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йилнинг 17 январь куни Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасининг асосий мазмуни билан яқиндан танишдилар.
Брифингда Ўзбекистонда ўтган йили ҳаётга татбиқ этилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, банк-кредит ва молия тизими фаолияти, ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалигининг салоҳияти ва миллий иқтисодиётга замонавий юқори технологияларни жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусидаги батафсил маълумотлар ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Таъкидланганидек, 2013 йилги ислоҳотлар, шу жумладан, республиканинг сармоявий ва ишбилармонлик салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган ишлар нафақат молиявий маблағлар ҳажмининг ўсиш суръатларини сақлаб қолишга, балки хорижий сармоялар улушининг ортишини таъминлашга ҳам имкон берди.
Бельгия вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатни, аҳолини қўллаб-қувватлаш, унинг реал даромадларини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт тизимларини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бердилар.
Тадбирда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари ҳамда “Навоий” интермодал логистика марказида яратилган имкониятларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда ушбу лойиҳалар доирасида фаолият олиб борадиган хорижий сармоядорлар учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар мавзусига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда республикамиз эришган тараққиёт натижалари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши Бельгия ишбилармон доираларининг вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири брифинг қатнашчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Урбан Руснак,
Энергетика Хартиясининг бош котиби:
— Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизлик ўсиш суръати, шубҳасиз, катта эътиборга моликдир. Айнан ана шу омиллар хорижлик сармоядорларнинг ўзаро ҳамкорлик учун ишончли шерик сифатида мамлакатингизни танлашларида муҳим ўрин тутмоқда.
Бундай ўсиш суръатларига эришишда Ўзбекистон энергетика тармоғида олиб борилаётган самарали сиёсатнинг аҳамияти катта. Хусусан, 2013 йили Тошкентда бўлиб ўтган Осиё қуёш энергияси форумининг VI йиғилиши республиканинг муқобил энергия манбаларини ривожлантиришда катта ютуқларга эришаётганини намоён қилди.
Ўзбекистон Энергетика Хартиясининг муҳим аъзоси ҳисобланади. Ташкилотимиз бундан кейин ҳам технологиялар ва илғор тажриба алмашиш орқали республикада сармоявий муҳитни янада яхшилаш, энергетика тармоғининг тараққиётига кўмаклашишда давом этаверади.

Кристофер Иветот,
Саноат тараққиёти бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (UNIDO) Европа Иттифоқи ҳузуридаги доимий вакили:
— Йил якунлари мамлакатингиз белгилаб олган янгиланиш ва модернизация йўлининг тўғрилигини тасдиқлайди. Республика нафақат жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий таъсирининг олдини олиш, балки иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини таъминлаш бўйича ҳам улкан муваффақиятларга эришди. 2013 йили 13 миллиард доллар қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилгани ҳамда бу 2012 йилдагига нисбатан 11,3 фоиз кўп эканлиги юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Иқтисодиётни диверсификациялаш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари алоҳида эътиборга лойиқ. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодий соҳадаги ютуқларнинг яна бир омили бўлгани ҳолда, мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида унинг улуши тобора ортиб бормоқда.
Биз республика иқтисодиёти тармоқларини модернизациялаш ҳамда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган 500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.
Умуман олганда, Ўзбекистонда турли соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида хизмат қилиши мумкин.

Франк Швальба-хот,
Европа Парламентининг етакчи эксперти:
— Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Юртингизга ҳар бир сафарим чоғида республикада мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришлардан ҳайратга тушганимни ҳам яширмайман.
Таълим тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг  ҳар томонлама ўсиши учун мустаҳкам асос яратади. Маънан етук ва баркамол авлодни шакллантириш, олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, бошланғич мактабларда хорижий тилларни ўрганишнинг жорий қилиниши юксак баҳога сазовордир. Булар ўз маҳсулини бериши ва ёшларнинг билим даражасини янада юксалтириши, шубҳасиз. Биз Ўзбекистон ва Европа олий ўқув юртлари ўртасида талабалар, ўқитувчилар ҳамда тадқиқотчилар алмашувларини ташкил этишга ҳисса қўшишга тайёрмиз.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимини, жумладан, қишлоқ жойларда ислоҳ қилишни чуқурлаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ижтимоий соҳа тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси республиканинг йирик шаҳарларидаги тиббиёт хизматлари билан деярли баробар эканлиги ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ирнерио Семинаторе,
Европа халқаро муносабатлар институти президенти:
— Ўзбекистонда хориж сармояларини жалб қилиш учун чуқур ўйланган ва оқилона ёндашувнинг мавжудлиги миллий иқтисодиёт ва саноат ривожини таъминламоқда.
Иқтисодиётнинг барқарор ўсишига, менинг фикримча, банк тизимининг ислоҳ этилиши ҳам хизмат қилаётир. Самарали сиёсат натижасида Ўзбекистонда банклар капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил қилмоқда ва бу банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган талабдан уч баробар кўпдир.
Мен ўзбек оилаларида фарзандларга қаратиладиган катта эътибор билан танишман. Шу боис Ўзбекистонда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлайман. Бу нафақат халқингиз менталитетини намоён этади, балки мамлакат раҳбарияти томонидан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласига берилаётган жиддий эътибордан далолатдир.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn