Ўзбекистон халқаро сайёҳлик анжуманида
  • 08 Февраль 2014

Ўзбекистон халқаро сайёҳлик анжуманида

Братиславадаги “Incheba Expo Arena” кўргазмалар мажмуасида “ITF Slovakiatour — 2014” халқаро сайёҳлик анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазмада Словакия ҳамда дунёнинг 29 мамлакатида фаолият кўрсатадиган 750 дан зиёд сайёҳлик компанияси, туроператор ва авиакомпаниялар қатнашди. Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишича, 75 минг нафардан зиёд саёҳат ишқибозлари ушбу кўргазма иши билан яқиндан танишган.
“ITF Slovakiatour — 2014”да Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти Словакиядаги “Bubo Travel Agency” агентлиги томонидан тақдим этилди. Мазкур йирик сайёҳлик компанияси Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб қизиқарли саёҳатлар уюштириш борасида катта тажрибага эга.
Гарчи “Bubo Travel Agency” агентлиги ушбу анжуманда дунёнинг кўпгина мамлакатларига қизиқарли сафарларни таклиф этган бўлса-да, компания томонидан жиҳозланган Ўзбекистон бўлмаси саёҳат ишқибозлари билан гавжум бўлди. Бўлмадан ўрин олган, қуёшли ўлкамизнинг гўзал табиати, бой тарихий-маданий мероси, ривожланган сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида атрофлича тасаввур уйғотадиган ранг-баранг ахборот материаллари бунинг асосий омилидир. Қолаверса, тадбирда компания вакиллари саёҳат ишқибозларига Ўзбекистон бўйлаб унутилмас таассуротлар орттириладиган кўплаб сайёҳлик йўналишларини ҳам таклиф этишди.
Кўргазмада жорий йил мамлакатимизга саёҳат қилиш истагидагилардан салмоқли миқдорда буюртмалар олинди. Бу эса Словакияда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига қизиқиш катта эканлигининг ёрқин далолатидир.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn