Ҳудудий дастурлар ижросига бағишланди
  • 08 Февраль 2014

Ҳудудий дастурлар ижросига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган долзарб вазифалар жойларда ўтказилаётган фаоллар йиғилишида атрофлича таҳлил этилмоқда.

Бу ҳақда мухбирларимиз хабар беради.

ЖИЗЗАХ
Йиғилишда 2013 йилда вилоят иқтисодиётини юксалтириш борасида бажарилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Ўтган йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,2 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги 6,2, қурилиш ишлари 22,4, чакана товар айланмаси 17,8 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида хизматларнинг улуши 39,4 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Бунинг натижасида 994 кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида уларнинг улуши 79,9 фоизга етди.
Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 200,8 миллиард сўм, жумладан, саноат соҳасини ривожлантириш учун 42,5 миллиард сўм кредит ажратилди. Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 800 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. 
Инвестиция дастурига асосан, 17 лойиҳага 14,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция тўғридан-тўғри жалб қилинди.
Вилоятда янги иш жойларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига асосан, 44 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 68,4 фоизи қишлоқ жойлари ҳиссасига тўғри келади.
Фаоллар йиғилишида эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

НАМАНГАН
Фаоллар йиғилишида 2013 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,2 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,5, қишлоқ хўжалиги 8,1, капитал қўйилмалар 21,7, қурилиш ишлари 16,1, пуллик хизматлар кўрсатиш 19,3 фоиз ўсгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорга маҳсулот чиқариш имкониятларини кенгайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилаётгани эътироф этилди. Экспортчи корхоналар сони 94 тага етиб, улар томонидан 102,5 миллион АҚШ долларига тенг ташқи савдо амалиёти  бажарилганлиги бунинг ёрқин далилидир.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланаётган соҳалардан бирига айланган. Биргина ўтган йилнинг ўзида 1140 кичик бизнес субъекти ўз ишини бошлаб, мазкур секторда  фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони 12,3 мингтага етди. Бу, ўз навбатида, кичик бизнеснинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улушини 79,5 фоизга етказиш имконини берди.
Йиғилишда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари якунлари ҳам чуқур таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича соҳа мутасаддиларига аниқ  вазифалар топширилди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.

Улуғбек АДИЛОВ,
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn