Жамоатчилик экологик назорати ва ННТ
  • 27 Сентябрь 2014

Жамоатчилик экологик назорати ва ННТ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамкорлигида давра суҳбати уюштирилди.

“Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрни ва роли” мавзуидаги мазкур тадбирда депутатлар, тегишли вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар, ННТ вакиллари иштирок этди.
Унда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофа қилиш, табиат бойликларини асраб-авайлаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилгани таъкидланди.
Йиғилишда мавзуга доир маърузалар тингланди. Айни чоғда навбатдаги экожурналистика ҳамда “Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” танловларининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Маълумки, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этади. Бу эса аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, экологик хавфсизликни таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун ана шу эзгу мақсад рўёбига қаратилгани билан долзарбдир. Чунки унда соҳадаги вазифалар ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштироки ҳуқуқий асослари, уларнинг табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим давлат дастурлари ва бошқа экологик муаммоларни ечишдаги роли ҳамда ўрни, кенг кўламли чора-тадбирларнинг натижаси ва самарадорлигини таъминлаш масалалари белгилаб қўйилган.
— Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 7000 дан ортиқ ННТ фаолият кўрсатмоқда, — деди қўмита аъзоси Илҳом Отажонов. — Мазкур кўрсаткич 2000 йилдагига нисбатан деярли 3,5 баравар кўпдир. Уларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтлари томонидан атроф табиий муҳитни асраб-авайлаш, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришга бўлган эътиборни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бунинг учун жабҳага доир ҳуқуқий ва ижро механизмларини янада такомиллаштириш, парламент назорати институтидан янада фаол фойдаланиш эса бугунги кун талабидир.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn