Маъмурий қонунчилик ва амалиёт
  • 25 Сентябрь 2014

Маъмурий қонунчилик ва амалиёт

Мустақиллик йилларида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада қонунийликни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Натижада фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда. Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари иштирокида ташкил этилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш амалиёти” мавзуидаги анжуманда шу хусусда атрофлича сўз борди.
Таъкидланганидек, юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Зеро, ушбу ҳужжат қонунчиликка риоя этиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинлигини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга қаратилгандир.
Маълумки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги лойиҳасида, авваламбор, жиноят қонунчилигини декриминаллаштириш, яъни айрим қонунбузарлик ҳолатларини жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш кўзда тутилаётгани тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.
— Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий жазо чораларини қўллаш имкони кенгайтирилди, — дейди Адлия вазирлиги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ш. Саидов. — Қонунчиликка етказилган моддий зарар қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилдики, бу бугунги кунда ўз самарасини бераяпти. Аммо ҳозирги кунда шунинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Шу боис ушбу йўналишдаги қонун ижодкорлиги жараёни изчил давом эттирилмоқда. Яъни қонун нормаларини қўллаш даражасини тизимли таҳлил қилиш, ижтимоий ҳаётда юз бераётган жараёнларни кузатиш, амалиётда содир этилиши мумкин бўлган камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари зарур ахборотлар билан таъминланмоқда.
Тадбир доирасида янги нашр этилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш бўйича ҳужжатлар намуналари” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу тўпламда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда зарур ҳужжатлар намуналари жамланган бўлиб, ушбу қўлланма давлат органларининг соҳадаги фаолиятида қонунийлик ҳамда ягона амалиётни таъминлашга хизмат қилади.
Анжуманда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn