Қонунчиликни такомиллаштириш — устувор вазифа
  • 24 Сентябрь 2014

Қонунчиликни такомиллаштириш — устувор вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази томонидан “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш: суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналиши” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Олий суд ва Конституциявий суд судьялари, парламент аъзолари, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси, Адлия вазирлиги, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жараёни изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, суд қонунчилиги, шу жумладан, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмларини шакллантириш йўналишида тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Бу борада Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим дастуриламал бўлаётир.
— Концепция талаблари бўйича қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида бир қатор янгиликлар амалиётга татбиқ этилди, — дейди Тадқиқот маркази бош консультанти Сарвар Махаммадиев. — Лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашнинг суд тартиби,
суд ваколатидан жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқини чиқариш, ишни кўришда жиноят иши бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурорга юклаш шулар жумласидандир. Муҳими, мазкур янгиликлар суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллашни янада кенгайтириш, суднинг асосий вазифаларини бажаришни таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини амалга ошириш имконини бераяпти.
Тадбирда яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Хусусан, мазкур Қонун билан Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шу жумладан, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли тарзда ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллаши қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш бўйича Концепцияда илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш, жиноий жавобгарлик борасидаги қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳам мулоҳазалар билдиришди.
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn