Ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида
  • 24 Сентябрь 2014

Ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда Молиявий чоралар бўйича мақсадли ҳукуматлараро гуруҳ (ФАТФ)нинг янги тавсияларида кўрсатилган жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида миллий хавфларни баҳолаш мавзуида халқаро семинар ўтказилди.

Ушбу семинарда жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг вакиллари ҳамда молиявий разведка соҳасида юқори тажрибага эга бўлган бир нечта хорижий давлатлар халқаро экспертлари билан бир қаторда, республикамиздаги тегишли вазирлик ва мутасадди идоралар мутахассислари иштирок этдилар.
Семинар жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий таҳдидларни баҳолашда ФАТФнинг янги тавсияларида кўрсатилган чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш борасида ўзаро тажриба ва фикр алмашиш мақсадида ташкил қилинди. 
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 апрелдаги “Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қатор вазифалар юклатилди.
Департамент жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ахборот айирбошлаш соҳасида хорижий давлатлар ваколатли органлари ҳамда ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик олиб бормоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 майдаги фармойиши билан тузилган идоралараро комиссия томонидан мамлакатимизда ФАТФнинг тавсияларини ўрганиш ва татбиқ этиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимининг самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. Жумладан, Базель бошқарув институтининг рейтингида Италия, Испания, Канада, Жанубий Корея ва АҚШ давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам муносиб ўринга эга бўлиб, юртимиз жиноий даромадларни легаллаштириш хавфи паст мамлакатлар сирасига киради.
Халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири, бу — жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларга асосланган миллий тизимини шакллантириш ҳамда мазкур жиноятларга қарши курашиш жараёнида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдир.
Тадбирда қайд этилганидек, жиноятчилик фаолиятида янги усуллар ва замонавий технологияларнинг қўлланилиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасига жалб қилинган мутахассислардан жиноятларни содир этиш услубларини чуқур ўрганиш асосида бу қилмишларга қарши курашиш чораларини доимо такомиллаштириб боришни ҳамда мамлакат иқтисодиётини ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилишни талаб этади.
Халқаро семинарда тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn