Латвияда давра суҳбати
  • 07 Февраль 2014

Латвияда давра суҳбати

Мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасининг асосий жиҳатларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Латвия ва Литва парламентлари депутатлари, тегишли вазирликлар, ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, академик, эксперт-таҳлил доиралари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг ҳукумат мажлисидаги маърузасининг асосий жиҳатлари, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижалари ва республикани ҳар томонлама тараққий топтиришнинг истиқболлари билан атрофлича танишдилар.
Давра суҳбатида ўтган йили Ўзбекистон ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини, макроиқтисодий мувозанат, модернизациялаш ҳамда иқтисодиётни диверсификациялашни таъминлаш йўлини изчил давом эттиргани алоҳида таъкидланди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ижтимоий соҳани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, банк тизими, қишлоқ хўжалиги ҳамда қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Ўзбекистон дунёдаги жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бирининг кўрсаткичларини намоён қилмоқда, — дейди Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича Литва Сейми (парламенти) гуруҳи раиси Валериус Симулик. — Бунда саноат соҳасининг узоқни мўлжаллаган тараққиёти салмоқли ўрин тутади. Қайд этиш керакки, эришилган мазкур натижалар экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хориж сармоясини жалб қилиш борасида давлатнинг самарали фаолиятидан далолат беради.
Ушбу тадбир тафсилотлари “Baltic News Service” ахборот портали ҳамда “Балтийский курс” журнали томонидан атрофлича ёритилди.

«Жаҳон» АА.
Рига

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn