Миллий тажриба ва халқаро амалиёт
  • 19 Сентябрь 2014

Миллий тажриба ва халқаро амалиёт

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари тобора янгича шаклларда намоён бўлаётган одам савдоси муаммосига дуч келаяпти. Мазкур қинғир иш билан шуғулланадиганлар “қармоғи”га миллионлаб кишилар илинмоқда.

Ушбу соҳадаги жиноятчилик ўргимчак тўри каби дунёнинг барча минтақасида кенгайиб бораётир. Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этаётган мазкур офатга барҳам беришга битта давлатнинг кучи ҳам, қурби ҳам етмайди. Бинобарин, одам савдосига қарши курашиш жаҳон ҳамжамияти олдида турган муҳим вазифадир.
Тошкентда Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида “Одам савдосига қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзуида ташкил этилган халқаро семинарда шулар алоҳида таъкидланди. Долзарб мавзу муҳокамасида юртимиз, шунингдек, Жанубий Корея, Буюк Британия, Австрия, Португалия, АҚШ, Молдова, Қозоғистондан ушбу соҳадаги етакчи экспертлар, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия), “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения), Миллий демократия институти (АҚШ), БМТнинг жиноятчилик ва наркотикларга қарши курашиш бошқармаси (ЮНОДК), ЕХҲТ, USAID, Европа Иттифоқи Комиссияси каби халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йилда қабул қилинган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенция, Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протокол 2003 йил охирида кучга кирди. Кейинчалик у одам савдоси жиноят сифатида белгилаб қўйилган ягона халқаро ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Чунки ушбу Протокол одам савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш, бу борада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашишга йўналтирилгандир. Шуни алоҳида айтиш жоизки, ушбу ҳужжатга аъзо 148 та мамлакат сафида Ўзбекистон ҳам бор.
Ҳозирги даврда мазкур аъзо-давлатлар томонидан Протокол бандларини амалга ошириш, одам савдосига қарши курашишга оид нормаларни миллий қонунчилигига татбиқ этиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан, хорижлик экспертларда бу борада ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, масъул тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш механизмларига оид Ўзбекистон тажрибаси катта қизиқиш уйғотди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Юртимизда одам савдосига қарши курашиш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш бўйича аниқ ишлар олиб борилаяпти. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва одам савдосига доир 80 та халқаро шартномага қўшилди, тегишли халқаро нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинаётир. Бу эса давлат томонидан халқаро мажбуриятларни бажаришда самарали қадам бўлмоқда.
Ўз навбатида, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун шулардан биридир. Унда идоралараро ҳамкорликнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, шунингдек, одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларга тиббий, психологик, социал, ҳуқуқий каби кўринишдаги ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш мақсадида Республика идоралараро комиссиясини тузиш белгилаб қўйилди.
Айни пайтда Идоралараро комиссия давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирмоқда, одам савдосига олиб келаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга доир ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган чораларни кўрмоқда. Одам савдоси билан боғлиқ ахборотлар тўпланиб, атрофлича таҳлил қилинаётир. Бундан ташқари, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда, одам савдосига қарши курашиш юзасидан аҳолини хабардор қилиш тадбирлари ўтказилаяпти, ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти устидан назорат олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тегишли Миллий тадбирлар режаси тасдиқлангани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Боиси, шу асосда соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни маромига етказиш, одам савдосидан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликда бундай қонунбузилишлар олдини олиш йўлида қилаётган ишлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази самарали фаолият юритаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Шу билан бирга, кенг ахборот кампанияси, тарғибот-ташвиқот ишлари одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган кўламли ишларнинг муҳим қисмига айланди. Бундай тадбирлар доирасига таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар қамраб олинди. Одамларга ноқонуний миграциянинг нохуш оқибатлари, хавф-хатарлари, ушбу йўналишда жиноятларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада кўмак кўрсатадиган ташкилотлар ҳақида ахборот ва тушунтиришлар берилмоқда, ҳар бир инсонга одам савдоси тўрига тушиб қолмаслик ёки ундан қутулиш йўллари ҳақида билиш зарурлиги уқтирилаяпти. Мазкур саъй-ҳаракатларга ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа давлат органлари қатори нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам кенг жалб этилаяпти. Шунингдек, ҳудудларда “Ишонч телефонлари” ишлаб турибди. Улар орқали барча маълумотни олиш мумкин.
Семинарда хорижлик экспертлар мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар жабҳадаги жиноятчилик даражасини сезиларли даражада камайтириш имконини берганини таъкидладилар.
— Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш соҳасида тегишли халқаро ташкилотлар ҳамда бошқа давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, — деди ЕХҲТнинг одам савдоси бўйича махсус вакили ва координатори ўринбосари Рут Пойман. — Мамлакатингиз ушбу жабҳадаги асосий халқаро ҳужжатларни ратификация қилган ҳамда улар миллий қонунчиликда тўлиқ ўз ифодасини топган. Одам савдосига қарши самарали курашишга йўналтирилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база яратилган.
Тадбирда одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳужжатларни амалга оширишда жамоатчилик ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат тузилмалари ўртасидаги ижтимоий шериклик мавзуси кенг муҳокама этилди. Жумладан, қатнашчилар хорижий мамлакатлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги тажрибасига алоҳида эътибор қаратдилар.
Халқаро семинарда одам савдосига оид миллий ва халқаро миқёсдаги статистика маълумотлари, ноқонуний трафикка қарши курашиш бўйича хориж давлатлари тажрибаси тақдим этилди, суд ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, соҳага доир жиноят ишларини текшириш, тергов қилиш, одам савдосидан жабрланганларни муҳофаза этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда хусусиятлари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар якунида соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, замонавий қулликка қарши курашишга жамиятнинг барча саъй-ҳаракатини сафарбар этиш мақсадида тегишли тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни бундан-да кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий идоралараро комиссиясига ташриф буюрдилар.
— Одам савдоси — глобал муаммо, — деди Одам савдоси масалалари бўйича халқаро маслаҳатчи Жоана Даниэл Врабец (Португалия). — Уни фақат давлат органлари, жамоатчилик ташкилотлари кучларини бирлаштириб ҳал этиш мумкин. Яъни ҳаммамиз ушбу офатга қарши биргаликда иш олиб боришимиз лозим. Халқаро семинарда қатнашиб, Ўзбекистонда тегишли давлат органлари, фуқаролик институтлари ҳамкорлиги механизми яратилганига гувоҳ бўлдим. Шулар қаторида одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам бериш, мазкур муаммонинг олдини олиш ҳамда профилактикаси билан шуғулланадиган турли марказлар фаолияти менда катта таассурот қолдирди. Тадбир бизга мавжуд тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги тавсиялар ишлаб чиқиш имконини яратди. Бу эса самарали ҳамкорликни янада кучайтиришга йўналтирилгани билан ниҳоятда долзарбдир.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn