Депутатлар Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини кўриб чиқдилар
  • 17 Сентябрь 2014

Депутатлар Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини кўриб чиқдилар

16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобот даврида Олий Мажлиснинг иккала палатаси томонидан аввал тасдиқланган параметрларга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 17 январида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устуворликларига мувофиқ ижро этилди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига қарамай, ҳукуматимиз биринчи ярим йилликда иқтисодиётнинг изчил ўсишини ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулот, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ҳажмлари ўсиши таъминланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди.
Олий Мажлис томонидан тасдиқланган 2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури муваффақиятли бажарилмоқда. Жорий йил бошидан буён 506,4 мингта янги иш ўрни яратилди, улардан 303,2 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил этилди. Бунда ортиқча иш кучи мавжуд бўлган 32 та туман аҳолисининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу ерда 74,7 мингта иш ўрни яратилди.
Сўзга чиққанлар алоҳида таъкидладиларки, Давлат бюджети ҳисобот даврида ижтимоий соҳага аниқ йўналтирилган ҳолда ижро этилди. Давлат бюджети харажатлари умумий ҳажмининг 60,8 фоизи ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилди. Бу эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 14,6 фоизни ташкил этади. Таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштиришга, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий соҳага ажратилган барча харажатларнинг 22,7 фоизи соғлиқни сақлашни ривожлантиришга йўналтирилди. Бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 16 фоиз кўпдир. 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан маданият, спорт ва оммавий ахборот воситаларига ажратилган харажатлар 18,3 фоиз ошди, фанни ривожлантиришга сарфланган харажатлар эса 11,5 фоиз ортди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида оналик ва болалик муҳофаза қилинишини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш бўйича тадбирлар ўтказилиб, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 3,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Савол-жавоблардан сўнг ҳисобот батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари ўз Сайловолди дастурининг низомларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлигини алоҳида ажратиб кўрсатдилар. Тадбиркорлик фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли йил бошидан буён Ўзбекистонда микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми ортди, бу эса, масалан, ягона солиқ тўловининг ўтган йилнинг тегишли давридагига нисбатан 26,2 фоиздан кўпроқ тушишига олиб келди. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг ушбу соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни давом эттиришнинг муҳимлигини кўрсатмоқда.
Фракция фермерлик ҳаракати вакилларининг манфаатларини ифода этган ва ҳимоя қилган ҳолда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида қишлоқ хўжалигини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, фермерлик ҳаракатини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилганлигини қайд этди. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектлари тармоғини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона ва эҳтиёткорона фойдаланишга доир чора-тадбирлар амалга оширилди. Мелиоратив тадбирлар амалга оширилиши натижасида 295,6 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши кузатилмоқда.
Фракция мажлис чоғида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик учун имкон қадар қулай шарт-шароитларни яратиб беришга доир тизимли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилишининг давом эттирилиши солиқ солиш базасининг кенгайтирилишига, Давлат бюджети даромад қисмининг жиддий тарзда ўсишига, тўлдирилишига олиб келиши, шунингдек, ички бозорни сифатли маҳсулот билан бойитиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим омили эканлиги ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари мамлакатимизда ижтимоий соҳага ажратилган харажатлар йил сайин ошиб бораётганлиги аҳолимиз фаровонлигининг изчил ошиб боришини таъминлаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Уларнинг фикрича, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари бўйича белгиланган режа 100,3 фоиз этиб бажарилди. Давлат бюджетини ижро этиш чоғида асосий эътибор ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга, яъни таълимни, соғлиқни сақлашни, аҳолини мақсадли қўллаб-қувватлашга, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар, шунингдек, бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга қаратилди. ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджетида ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлар улушининг оширилиши, шак-шубҳасиз, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу ишлар Халқ демократик партияси дастури ва фаолиятининг устувор йўналишларига тўлиқ мувофиқ келади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар жаҳон иқтисодиётида юз бераётган салбий жараёнларга қарамай, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимизда ижобий таркибий силжишларга эришилганлигини, бу аҳолининг иш билан бандлиги ва даромадларининг ошишига кўмаклашганлигини ҳамда Давлат бюджетини профицит билан бажариш имконини берганлигини қайд этдилар. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги ташқи бозорларни фаол ўзлаштиришга доир чора-тадбирлар нафақат экспорт ҳажмларининг 8 фоиз ўсишини ҳамда ташқи товар айланмасининг 482,1 миллион долларлик ижобий сальдосига эришишни таъминлади, балки валюта тушумларининг кўпайишини, мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини мустаҳкамлаш имконини берди.
Шу билан бирга, ички талабни рағбатлантиришга ва миллий товар ишлаб чиқарувчилар ривожлантирилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир кўрилган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 11 фоиз, чакана товар айланмаси ҳажмлари 13,7 фоиз ва хизматлар ҳажмлари 14,2 фоиз ўсишини таъминлади, бу эса  ички бозорни ҳимоя қилишга ва мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.
Фракция аъзолари партия дастурий мақсадлари ва вазифаларини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизнинг товар ишлаб чиқарувчиларига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш асосида маҳаллийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, истеъмол товарлари ва хизматлар соҳасида янги миллий брендлар пайдо бўлишига кўмаклашиш зарурлигини қайд этдилар.
Бюджет маблағларини умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, спорт заллари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини қуриш, қайта қуриш ва капитал таъмирлашга, уларни ўқув-лаборатория, ишлаб чиқариш, спорт асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, ўқув жиҳозлари ва бошқа анжомлар билан жиҳозлашга ажратиш масалалари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг диққат марказида бўлди.
Шунингдек, сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакиллари фан ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни молиялаштириш муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Уларнинг фикрича, ҳисобот даврида давлат илмий-техникавий дастурлари, инновация лойиҳаларининг устувор соҳаларини молиялаштиришга талай маблағлар йўналтирилди. Бундан ташқари, улар ҳукуматимиз касалликларнинг олдини олиш учун харажатларни молиялаштиришга катта эътибор бераётганлигини мамнуният билан таъкидладилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, депутатлар ўз сайлов округларида профилактика тадбирларига йўналтирилаётган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини қатъийроқ назорат қилмоқчи эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари  талай маблағлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга, сув ва ер ресурсларини асрашга, тозалаш иншоотларини барпо этиш ва қайта қуришга ажратилганлигини қайд этдилар. Шунингдек, ҳукумат томонидан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, ўрмончилик ва кўкаламзорлаштиришга доир тадбирлар ҳам молиялаштирилди. Бундан ташқари, катта маблағлар 2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитни давлат томонидан мониторинг қилиш дастурини, шунингдек, 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳитини муҳофаза қилишга доир ҳаракатлар дастурини рўёбга чиқаришга йўналтирилди. Ушбу дастурларнинг асосий мақсадлари мамлакатимиз минтақаларининг экологик ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини камайтириш имконини берувчи самарали тозалаш иншоотларини жорий этиш, чиқинди тўпламайдиган ва оз миқдорда чиқинди ҳосил қиладиган технологиялардан фойдаланишдан иборатдир.
Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик
палатаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn