Бюджет ижроси кўриб чиқилди
  • 09 Сентябрь 2014

Бюджет ижроси кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йилнинг биринчи ярим йиллиги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлар шу йилнинг биринчи ярмида ҳам асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатларини сақлаш, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини янада мувозанатли ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратди.
Жумладан, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоиз ўсди, инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади. Иқтисодий ўсиш саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ҳажми 6,9, қурилиш ишлари ҳажми 17,4 фоиз кўпайиши ҳисобига таъминланди. Мазкур даврда машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати, қора металлургия каби тармоқларда жадал ривожланиш кузатилиб, саноат ишлаб чиқариш умумий таркибида ушбу тармоқлар улуши 2013 йилнинг биринчи ярмидаги 53,8 фоиздан 58,9 фоизга етди.
Иқтисодиётнинг мустаҳкам ўсиш суръатлари мамлакат ташқи савдо айланмасининг 482,1 млн. АҚШ доллар миқдоридаги ижобий сальдосида ўз ифодасини топди. Ўз навбатида, 2014 йилнинг I ярим йиллигида 506,4 мингтадан ортиқ, жумладан, қишлоқ жойларда 303,2 мингта янги иш ўрни яратилди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилди.
Тадбирда давлат бюджетининг харажат қисмида асосий эътибор унинг ижтимоий йўналтирилганлигига қаратилгани эътироф этилди. Бу эса таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштириш, бюджет маблағларининг ғазна ижросини таъминлаш, уларнинг самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди.
Муҳокамаларда депутатлар бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича амалий таклифларни билдирдилар. Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn