Баркамол авлод тарбияси
  • 06 Февраль 2014

Баркамол авлод тарбияси

давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир

Маънавий жиҳатдан баркамол, жисмонан етук авлодни тарбиялаш, “Соғлом она — соғлом бола” тамойилини рўёбга чиқариш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг моҳиятини ташкил қилади.
Бу эзгу мақсад бир жабҳада эмас, балки кенг кўламда, жамият ҳаётининг барча йўналишларида изчил амалга оширилмоқда. Энг муҳими, Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида алоҳида қайд этганидек, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.
Дарҳақиқат, айнан истиқлол йилларида нафақат шаҳарларда, балки узоқ ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мактаблари ҳамда мажмуалари барпо этилди. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилаётир.
Сир эмаски, ҳозирги кунда болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизимига айланди. Хусусан, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ушбу мақсад йўлида умумтаълим мактабларида, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуалари барпо этилмоқдаки, бундан халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакиллари жуда мамнун бўлаяпти.
Бир пайтлар ҳатто оддий ёзги спорт майдончалари йўқ, биргина копток билан таъминлаш амримаҳол бўлган умумтаълим мактаблари бугунги кунда замонавий спорт инвентарлари билан тўла жиҳозланган кўркам спорт заллари, мажмуаларига эга. Зеро, айнан болалар спортини ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу спорт майдонларида дастлабки сабоқларни олган ёшларимизнинг халқаро ареналарда муваффақият қозонаётгани эса мазкур саъй-ҳаракатларнинг яна бир яққол самарасидир.
Бугун болалар спортини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, умуммиллий ҳаракатга айланди. Бинобарин, Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳнамолигида фаолият олиб бораётган ушбу жамғарма шарофати билан замонавий болалар спорт мажмуалари ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари қад ростлаётгани, бундан аҳоли, ота-оналар ниҳоятда мамнун эканликларига ҳар гал сайловчилар билан учрашувлар чоғида  ишонч ҳосил қиламиз.
Мисол учун, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгандан буён ўтган давр мобайнида Жиззах вилоятида 97 та объектнинг асосий қисми қишлоқ жойларда қурилганидан фуқаролар мамнун эканликларини қайта-қайта таъкидлашмоқда. Биргина Зафаробод туманида тўртта болалар спорт иншооти, ўтган йили 150 ўринга мўлжалланган болалар мусиқа ва санъат мактаби фарзандларига туҳфа этилгани ота-оналарнинг  чексиз қувончига сабаб бўлгани ҳам улар билан юзма-юз мулоқотларда яққол билинди. Айниқса, тумандаги “Баркамол авлод” марказида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича шуғулланаётган қизларнинг бундай ғамхўрликдан хурсандлиги чексиз эканини кўриш мумкин. Бундай шароитлар мамлакатимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани баркамол авлодни тарбиялаш йўлида узоқни кўра билиб, оқилона иш тутилгани натижаси экани, жамғарманинг  самарали фаолият юритаётгани ҳудудларда қад ростлаётган ана шундай бинолар салобатидан ҳам маълум экани фуқароларимиз томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Энг қувонарлиси, мазкур масканларда спорт, санъат ва мусиқа билан шуғулланувчи  болалар сони тобора ортиб бормоқда.
Айниқса, қизларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда, шубҳасиз, Президентимизнинг қишлоқ жойлардаги болалар спорт объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантиришга оид “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари муҳим аҳамият касб этди. Бу эса қизларимизнинг соғлом, оқила ва нафосат соҳибалари бўлиб камол топишларида алоҳида ўрин тутмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2014 йилга “Соғлом бола йили” деб ном берилганини бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз катта мамнуният билан қарши олди. Зотан, Соғлом бола йилидаги вазифаларни амалга ошириш ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, айниқса, ёшларимиз, фарзандларимизнинг баркамол авлод сифатида етишиши учун навбатдаги ғамхўрлик йили бўлиши, шубҳасиздир.
Парламентимиз томонидан ана шу саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида жорий йилда бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, болалар спортини янада ривожлантиришга қаратилган қонунчилик механизмини такомиллаштириш, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси устидан назорат-таҳлил ишларини кучайтириш, ушбу соҳанинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш фаолиятимизнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Шулар баробарида, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг спорт майдончаларини талаб даражасига келтириш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ихтисослаштирилган спорт мактаблари тармоғини янада кенгайтириш, таълим муассасаларига бу йўналишда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, ўқувчиларни жисмоний тарбия дарсликлари, ўқув қўлланмалари билан тўлиқ таъминлаш, янги болалар спорт иншоотлари бунёд этишга ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш масалалари бўйича парламент назорати, хусусан, парламент сўровлари ва эшитувларини ўтказиб бориш ҳам кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, мазкур саъй-ҳаракатлар пировардида фарзандларимизнинг баркамол авлод сифатида вояга етиб, Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо қилиш, дунёнинг энг ривожланган демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашимиз йўлида ўз куч-ғайратини, билим ва иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини сафарбар этишида тамал тоши бўлиб хизмат қилади.

Абдуғафур МАМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn